Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:43

Ўзбекистонда кўкрак ва бачадон бўйни саратонини давлат бюджети ҳисобидан даволаш режаланмоқда


Швециядаги Лунд университети олимлари аёлларда кўкрак саратони хасталигини даволаш учун сунъий интеллектдан фойдаланишни таклиф қилишмоқда.
Швециядаги Лунд университети олимлари аёлларда кўкрак саратони хасталигини даволаш учун сунъий интеллектдан фойдаланишни таклиф қилишмоқда.

Келаси йилдан Ўзбекистонда аёлларнинг бачадон бўйни ва кўкрак бези саратонини диагностика ва муолажа қилдириш имкониятларини тубдан ошириши керак бўлган дастур ишга тушади. Ушбу касалликлар мамлакатда аёллар ўлимининг асосий сабаблари бўлиб, уларни даволаш катта маблағ талаб қилади.

Тошкентлик Диана онкологик хасталикка чалинганини баҳорда билган эди. У Озодликка қандай даволангани ва агар янги дастур рисоладагидек ишласа, минглаб одамларнинг ҳаётини ўзгартириши мумкинлиги ҳақида сўзлаб берди.

“Бу узун йўлнинг боши экани хаёлимга ҳам келмаган”

Тошкентда яшовчи 30 ёшли Диана шу йилнинг 3 май куни шаҳар онкология шифохонасига маслаҳат олиш учун боради.

“Шифокор аёл қўли билан пайпаслаб, безни кўрсатди. Ўшанда бу узун йўлнинг боши бўлади, деб сира ҳам ўйламагандим”, эслайди Диана.

Аёл қўшимча текширувга йўлланади. Биринчи куннинг ўзидаёқ у шифохонага қарийб 6 миллион сўм (ўша пайтдаги курс бўйича 500 доллар) тўлайди.

“Ҳамма нарсага пул тўладим: таҳлилларга, процедураларга, ҳатто натижаларни тезроқ беришлари учун ҳам. Ҳеч нарса текин бўлгани йўқ”, дейди аёл.

Дианага “сут бези саратони” деб ташхис қўйишади. Энди унинг олдида янги мураккаб савол турарди: чет элда даволансинми ёки Ўзбекистонда? Диана қай бирини танламасин, уни нафақат оғир муолажа тадбирлари, балки улкан сарф-харажатлар ҳам кутаётганини ўша пайтдаёқ жуда яхши тушунганини айтади.

“Қариндошлар Туркия ёки Исроилга боришни маслаҳат беришди. Лекин мен болаларим учун шу ерда қолишга қарор қилдим. Улар жуда ёш, ташлаб кетгани кўзим қиймади. Агар куним битган бўлса, қолган умримни болажонларим, онам, барча яқинларим ёнида ўтказай дедим”, ҳикоясида давом этади суҳбатдошимиз.

У Тошкентда бир хусусий клиникани топиб, жонини маҳаллий шифокорларга ишониб топширишга қарор беради.

Айнан нодавлат тиббий муассасани танлашининг ўз сабаби бор.

“Очиқ-ойдин гаплашишлари мен учун ўта муҳим эди. Сукут сақлашларини, маълумотни яшириб, изоҳ бермасдан қаерларгадир жўнатишларини истамасдим. Афсуски, шаҳар онкологиясида мен совуққонлик ва лоқайдликка дуч келдим”, дейди Диана.

Даволаш харажатлари геометрик прогрессияда кўпайиб боради. Метастазлар бор ёки йўқлигини аниқлаш имконини берадиган позитрон-эмиссион томография (ПЭТ)нинг ўзи 7 миллион сўм (тахминан 550 доллар)га тушади.

У ҳар куни сут безлари, бачадон, тухумдонлар ва жигар ултратовушли текширувидан ўтиши зарур эди. Ҳар бир текширувга 580 минг (45 доллар)дан кетади.

Диана ҳар гал 1400 дан 2800 долларгача пул тўлаб, етти марта кимё-терапия қилдиради. Натижада шиш кичраяди, аммо кимёнинг ножўя таъсири – буйрак етишмовчилиги пайдо бўлади. Бу алоҳида муолажа ва янги харажатлар талаб қиларди.

“Одамлар даволаниш учун уйларини, машиналарини сотишяпти”

Ўзбекистонда Дианага ўхшаган минглаб аёллар бор. Расмий маълумотларга кўра, 2022 йилда мамлакатда 4164 аёл – кўкрак бези саратони ва 1851 аёл бачадон бўйни инвазив саратони билан илк марта касаллангани қайд этилган. Ушбу хасталиклар Ўзбекистон аёлларининг ўлими сабаблари рўйхатида биринчи ва иккинчи ўринларни эгаллаб турибди.

Тиббий хизматлар ва дори-дармон нархлари касаллик билан курашаётганлар учун кўпинча ҳаёт-мамот масаласига айланади.

Диана хусусий клиникалардан арзон бўлгани сабабли шаҳар онкология шифохонасида даволанган 32 ёшли аёлни эсга олади. Суҳбатдошимиз айтишича, ҳатто давлат муассасида даволанишга ҳам аёлнинг қурби етмабди.

“Пулни қаердан оламан, деб жуда қайғурарди шўрлик. Битта кимё-терапиядан иккинчисига қадар доим пул қидирар, қарз оларди. Касаллик устига бу ғам қўшилиб, аҳволи оғирлашди ва охирида юраги дош бермади”, дейди Диана.

Онкология маркази шифокорлари таъмирлаш ишларига мажбурланмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:44 0:00

Исми очиқланишини истамаган ташхисчи шифокор, тиббиёт фанлари номзоди Р.К. онкологик хасталиклардан даволаниш баҳоси ниҳоятда қимматлигини тасдиқлади.

“Айниқса кимё-терапия жуда қиммат. Одамлар пули етмай квартираларини, машиналарини сотишга мажбур бўлишади”, дейди у.

Айни манзарада Ўзбекистонда келгуси йилдан кенг кўламли дастурни ишга тушириш режаланмоқдаки, дастур доирасида аёлларни онкологик касалликларга бепул текширувдан ўтказиш ва хасталик аниқланган тақдирда бепул даволаш кўзда тутилган.

Президент Шавкат Мирзиёев ноябр ойи охирида имзолаган ҳужжатга кўра, 30 дан 50 ёшгача бўлган аёллар бачадон бўйни саратонини аниқлаш учун бепул скрининг қилинади. Тестларда касаллик аниқланмаган аёлларни 10 йилдан сўнг қайтадан текшириш режаланмоқда. Мусбат натижа қайд этилганида эса қўшимча текширув тайинланиши белгиланган.

Ҳужжатга биноан, саратон олди ҳолати аниқланган аёллар амбулатор шароитда даволаниш учун “Она ва бола саломатлиги” Республика ихтисослашган илмий-амалий тиббиёт маркази ва унинг ҳудудий филиалларига йўлланади.

Қарорда 30 дан 65 ёшгача бўлган аёлларни ҳар икки йилда бир марта сут безлари текширувидан ўтказиш ҳам кўзда тутилган. Бунда 45 ёшдан кичик аёллар УТТ ёрдамида текширилса, 45 дан ошган аёллар маммография текширувидан ўтказилади.

Ушбу дастур ташаббускорларидан бири, Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлигининг Натижаларга эришиш гуруҳи (Delivery Unit) офиси раҳбари Азиза Умарова айтишича, лойиҳани ишлаб чиқишга бир йил кетган. У ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида “олиб борилган ишлар натижасида Ўзбекистон одам папилломаси вирусини аниқлаш тестлари мамлакат миқёсидаги скрининг методи сифатида танланган биринчи постсовет республика бўлди”, деб ёзди.

Лондонда истиқомат қилувчи ўзбекистонлик сиёсатшунос Алишер Илҳомов ҳам мазкур қарорни “гарчи бирмунча кечиккан” бўлса-да, мамнуният билан қабул қилди.

“Умумият-ла ушбу ҳужжатга аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини яхшилаш йўлида қўйилган қадам деб қараш керак”, таъкидлайди эксперт. У ҳукумат тиббиёт препаратларининг нархларини шакллантириш жараёнига ҳам эътибор қаратса яхши бўларди, чунки нарх-наво кам таъминланган оилаларнинг қурби етадиган даражада бўлиши керак, деб ҳисоблайди.

Исми очиқланишини истамаган шифокор Р.К. янги дастурни “қора осмонда чарақлаган қуёш” деб атайди. Унинг сўзларига кўра, ҳужжат аёлларни зарур тиббий хизмат билан таъминлашда катта қадам бўлиши мумкин.

Энг асосийси, бюджетда ушбу оламшумул режаларга етарли пул бўлсин, қўшимча қилади у.

“Давлат буни қандай эплайди, препаратлар қанчалик арзон бўлади, буни билмайман. Лекин, агар бу режа амалга оширилса, биз аёлларнинг онкологик касалликларини даволашда ҳаммадан илғор давлатга айланамиз”, дейди суҳбатдошимиз.

Молиявий масалаларга келсак, қарорда “диагностика ҳамда скрининг натижасида аниқланган онкологик беморларни даволаш билан боғлиқ барча харажатлар давлат бюджети ҳисобидан молияланади”, дейилган.

Қўшимча сарф-харажатлар пайдо бўлган тақдирда эса Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги “молиялаш манбаларини аниқлаштириш учун” ҳукуматга “асослантирилган таклифлар” киритиши керак. Бундан ташқари, халқаро донор ташкилотлар маблағларини жалб қилиш таклиф қилинган.

Форум

XS
SM
MD
LG