Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:48

Тахт устида ўлган ҳукмдорлар


Озарбайжон ва Туркманистоннинг марҳум президентлари Ҳайдар Алиев(чапда) ва Туркманбоши Сапармурод Ниëзов ҳокимиятдан охирига қадар кечмасликка уринди.
Озарбайжон ва Туркманистоннинг марҳум президентлари Ҳайдар Алиев(чапда) ва Туркманбоши Сапармурод Ниëзов ҳокимиятдан охирига қадар кечмасликка уринди.

Ўзбекистонни 27 йилдан буён бошқарган президент Ислом Каримов инсультни бошдан кечирди. Таҳлилчилар, агар Каримов бундан буён президентлик вазифасини бажаролмай қолса, унинг ўрнини ким эгаллаши мумкинлигини муҳокама қилмоқдалар.

Шу аснода бошқа авторитар мамлакатларда ҳукмдор ўлганидан кейин ҳокимият учун ким ва қай йўсинда курашгани ëдга олинмоқда.

Ҳайдар Алиев, Озарбайжон

Ҳайдар ва Илҳом Алиевлар.
Ҳайдар ва Илҳом Алиевлар.

Ҳайдар Алиев Озарбайжонга 1993 йилда президент бўлди ва бу мансабда 10 йил ўтирди. Алиев 2003 йили учинчи муддат президентликда қолишни режалаб турганида¸ унинг соғлиғи панд берди. У аввалига Туркия, кейин эса АҚШга даволанишга кетди ва ўша ерда 12 декабрь куни оламдан ўтди.

Ҳайдар Алиевни мамлакатда авторитар тартиб ўрнатганликда айблаб келадилар. Transparency International рейтингига мувофиқ, Озарбайжон коррупция даражаси бўйича шу кунда дунёда 119-ўринда туради.

2002 йили Озарбайжонда мамлакат конституциясига ўзгартиш киритиш бўйича референдум ўтказилди. Бу ўзгартишлар мамлакат президенти ўлган тақдирда бош вазирга президент курсисини эгаллаш имконини берди.

2003 йил августида эса Ҳайдар Алиевнинг ўғли Илҳом бош вазир этиб тайинланди.

Навбатдаги президент сайловидан икки ҳафта аввал – 2003 йил октябрида Озарбайжон давлат телевидениеси орқали Ҳайдар Алиевнинг халққа мурожаати ўқиб эшиттирилди. Унда катта Алиев ўғли фойдасига сайловдан ўз номзодини олиб ташлашини билдирди.

Human Rights Watch халқаро ташкилоти ўша пайтда сайловлар кичик Алиев фойдасига сохталаштирилганини ёзиб чиқди. Мазкур гуруҳга кўра¸ маҳаллий амалдорлар очиқчасига Алиевга тарафкашлик қилган¸мухолифат намойишлари тақиқланган ва иштирокчилар сонини чеклаш ҳаракатлари кузатилган¸ полициячилар юзлаб мухолифатчини ҳибсга олган ёки калтаклаган.

Ўшандан буён Илҳом Алиев президентликка икки марта қайта сайланди ва у ҳалигача Озарбайжонни бошқариб келмоқда.

Сапармурод Ниёзов, Туркманистон

Туркманистон Вазирлар маҳкамаси, марказда – президент Сапармурод Ниёзов, 1994 йил 1 январи.
Туркманистон Вазирлар маҳкамаси, марказда – президент Сапармурод Ниёзов, 1994 йил 1 январи.

Сапармурод Ниёзов Совет Туркманистонига 1985 йилда раҳбар этиб тайинланди. 1990 йили у президент сайловида¸ расмий маълумотларга кўра, сайловчиларнинг 98,5 фоиз овозини олиб¸ ғолиб деб топилди. 1992 йилда мустақил Туркманистон ўз конституциясини қабул қилди ва Ниёзов яна 99,5 фоиз овоз билан сайловда ғалаба қозонди.

1994 йилги референдумда Ниёзов ваколатлари сайловсиз 2002 йилгача узайтирилди. 1999 йилга келиб эса мамлакат парламенти “Туркманбоши” номини олган Ниёзовнинг умрбод президент бўлиши учун овоз берди.

Ниёзовнинг ягона ўғли 2006 йилги битта воқеани истисно қилганда Туркманистон сиёсий ҳаётида мутлақо иштирок этмади. Ўшанда у биринчи ва охирги марта Туркманистон номидан Бирлашган Араб Амирликлари вакиллари билан музокаралар олиб борганди.

Айрим таҳлилчилар катта Ниёзов ўғлини президентликка тайёрлаётган бўлиши мумкинлиги ҳақида гапирган эдилар. Бироқ 2006 йил декабрида Сапармурод Ниёзов тўсатдан вафот этганда унинг ўғли президент сайловига ҳатто ўз номзодини ҳам қўймади.

Туркманистон конституциясига кўра, Ниёзов ўлимидан кейин мамлакатни парламент раиси бошқариши лозим эди, бироқ унга нисбатан хизмат вазифасини суиистеъмол қилганлик бўйича жиноят иши очилди ва у сиëсий майдондан четлатилди.

Бу ҳаракатдан сўнг Вазирлар маҳкамаси раисининг собиқ муовини ва собиқ соғлиқни сақлаш вазири¸ туркманбоши дафн маросимига бош-қош бўлган Гурбангули Бердимуҳамедов эса мамлакат президентига айланди.

Кейинчалик Бердимуҳамедов 2007 йилги президент сайловида 89,23 фоиз ва 2012 йилги сайловда эса 97,14 фоиз овоз билан ғалаба қозонди.

Ниёзов даврида Туркманистон дунёдаги энг репрессив мамлакатлардан бирига айланган эди.

Ҳокимият тепасига келганидан кейин Бердимуҳамедов ўз салафи шахсига сиғинишни сусайтиришга қаратилган ислоҳотлар ўтказди. Human Rights Watch баёнотига кўра, Бердимуҳамедов ҳам мамлакатда чексиз ҳокимиятига эга ҳамда сиёсий ва ижтимоий турмушнинг барча жабҳаларини тўлалигича назорат қилади.

Ким сулоласи, Шимолий Корея

Пхеняндаги Ким Ир Сен ва Ким Чен Ир портретлари, 2016 йил 6 майи.
Пхеняндаги Ким Ир Сен ва Ким Чен Ир портретлари, 2016 йил 6 майи.

Ким Ир Сен Шимолий Кореяга мамлакат 1945 йилда шимол ва жанубга бўлингани пайтдан бошлаб раҳбарлик қилди. Унинг лавозими номланиши Шимолий Корея Муваққат Халқ Қўмитаси Раисидан тортиб Корея Меҳнат партияси Марказий қўмитаси Бош котиби, мамлакат Вазирлар маҳкамаси раиси ва президентгача алмашиб турди.

Сўнгги номдаги лавозимни у 1972 йил декабрида эгаллади. Ҳукмронлик даври бошларида Ким Ир Сен ва унинг сафдошлари мамлакатда шахсга сиғиниш унсурлари бўлган тоталитар тартиб ўрнатди.

Партиянинг 1980 йилги 6-қурултойида Ким Ир Сен ўз ўғли Ким Чен Ирни ворис ўлароқ эълон қилди. Ким Чен Ир КХДРда турли юқори лавозимларни эгаллади, 1991 йили эса отасидан Корея Халқ Армияси олий бош қўмондони ваколатини олди.

Ким Ир Сен 1994 йил 8 июлида юрак хуружи туфайли ҳаётдан кўз юмганидан кейин Ким Чен Ир унинг ўрнини расман эгаллади. Президент (1998 йили унга “КХДРнинг абадий президенти” мақоми берилган) ўлими муносабати билан уч йиллик мотам эълон қилинди.

Ким Чен Ир ҳукмронлигида ҳам худди отасининг даврида бўлгани каби мамлакат раҳбарини алқаш ва илоҳийлаштириш сиёсати давом этди.

Айтилишича¸ Ким Чен Ир гўё ворисликка катта ўғли Ким Чон Намни тайёрлаб юрган, бироқ у 2001 йили Японияда сохта паспорт билан чегарадан ўтишга уринган пайтда ушланганидан кейин президентнинг бу борадаги фикри ўзгарган. Тахминлардан бирига кўра, Ким Чон Нам ўшанда Японияга Диснейлендни кўриш учун ўтмоқчи бўлган.

2009 йили (бошқа маълумотларга кўра эса 2007 йилда) Ким Чен Ир партия раҳбариятига иккинчи ўғли Ким Чен Унни ўзига ворис этиб тайинлашга қарор қилганини билдирган.

2011 йил 17 декабрида Ким Чен Ир вафот этганидан кейин айнан у КХДР олий раҳбарига айланди.

Ҳуқуқ фаолларига кўра, Ким сулоласи ўз ҳукмронлиги даврида КХДР ватандошларининг асосий ҳақларини кескин чеклаб келмоқда. 2014 йили БМТ комиссияси Шимолий Кореяда инсон ҳуқуқларининг бузилиши дунёнинг бошқа ҳеч бир ерида йўқлигини қайд этган.

XS
SM
MD
LG