Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:55

Қирғизистонликлар Сурияга кетган қариндошларини кутаётгани йўқ


Озодлик архивидан
Озодлик архивидан

Қирғизистоннинг Ўш вилоятидаги Аравон туманининг айрим турғунлари Сурияга оилавий кетган қариндошларини кутмаётганларини изҳор қилишди. Улар қариндошларининг эгасиз қолган уйларини бўлиб олишган. Маҳаллий расмийлар эса Сурияга отланаётганлар оқими тўхтаганидан мамнун.

2014 йилда Аравон туманида истиқомат қилувчи икки оила Сурияга кетгани маълум бўлган эди. Орадан уч йил ўтиб, уларнинг бирортаси ҳам ватанига қайтгани йўқ. Улардан қолган уйларда ҳозир уларнинг яқин қариндошлари яшамоқда.

Айрим маълумотларга кўра, уч йил олдин Араббой Ваҳобов оиласи билан Сурияга йўл олган. Унинг уйида эридан ажраган қизи тўрт фарзанди билан яшамоқда. Ваҳобовнинг қизи ажрашишига ота-онасининг Сурияга кетиб қолганини сабаб, деб билади. Шу нинг учун Ваҳобова ота-онаси қайтиб келишини хоҳламайди:

- Ота-онам билан гаплашмаганимга тўрт йил бўляпти. Улар билан гаплашишдан қўрқаман. Улар туфайли милиция келиб, эримни сўроқ қилишга чақирди. Шу сабаб эрим мени ҳайдаб юборди. Ўшандан бери ота-онам уйида тўрт болам билан яшаяпман. Қайтиб келишларини истамайман. Менга барибир. Уларнинг боласи бўлганим учунгина шунча қийналдим.

Ўғли, келини ва икки неварасини Сурияга олиб кетган Дилоромхон Аҳмедованинг келини ҳам шундай фикр билдирди. Мухбир билан суҳбатлашишдан бош тортган келин уларнинг қайтиб келишини хоҳламаслигини таъкидлади.

63 га чиққан Дилоромхон совет даврида Коммунистик партия аъзоси бўлган, туманда юқори лавозимларда ишлаган. Бир неча йил аввал Дилоромхон туман аҳлини ҳайратда қолдириб, 94 ёшдаги қайнонаси ва кичик ўғлини ташлаб, Сурияга кетган.

Унинг қўшнилари очиқчасига суҳбатлашишдан ҳайиқишди. Лекин оғзаки равишда қария она уйни авваллари шу ерда яшаган уч оилага мерос қолдирганини айтишди. Ҳозирда бу уйда Дилоромхоннинг кичик ўғли ўз оиласи билан яшайди.

Маҳаллий расмийлар маълумотларига кўра, Аравон туманидан 28 одам Сурияга кетган. Улар орасида тўрт оила бор. Кетганларнинг тўрт нафари урушда ҳалок бўлгани ҳақида маълумот бор. Аммо уларнинг бирортасига аза тутилгани йўқ.

Туман ҳокими ўринбосари Музаффар Мамасаидов ҳозирда Сурияга кетаётганлар оқими тўхтаганини айтди:

- Одамлар Суриядаги вазиятни англаб етди. 2015-2016 йилларда Сурияга отланганлар ҳақида кўп миш-миш бўлди. Диний уламолар, маҳаллий ҳокимият, ўқитувчилар ҳамда оқсоқоллар қўмиталари яхши ишлади. Мунтазам равишда тушунтириш ишлари олиб борилди. Афтидан, бу ишлар натижада берди. Жорий йилда Аравондан ҳеч ким Сурияга кетмади. Менимча, одамлар тушуниб етди.

Россия махсус хизматлари “Ислом давлати” жангари гуруҳи сафларида ўрта осиёликлар жанг қилаётганини айтиб келади.

Расмий маълумотларга кўра, Сурияга тақрибан 200 қирғизистонлик кетган. Аммо норасмий манбалар уларнинг сони аслида 500 га яқин эканлигини таъкидлайди.

Яқинда Қирғизистоннинг хавфсизлик масалалари бўйича вице-премьер-министри Темир Жуманқулов Қирғизистон фуқаролари Сурия ва Ироқда халқаро террор ташкилотлари сафида жанг қилгани далилланса, улар мамлакат фуқаролигидан маҳрум қилинишларини айтди.

Бу саҳифада Сурия ва Ироқда тор-мор қилинаётган "Ислом давлати" экстремист гуруҳи, унинг назоратида бўлган ҳудудларда таслим бўлаётган Ўзбекистон ва бошқа давлатлардан борган жангарилар, уларнинг аёл ва болалари тақдири, ҳукуматларнинг радикал кайфиятдаги фуқаролар ортга қайтишига қарши кўраётган чора-тадбирларига оид мақолаларни ўқишингиз мумкин.

Сизда ҳам хабарлар бўлса, марҳамат, йўлланг:

Telegram, WhatsApp: +420 724 971 539

XS
SM
MD
LG