Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:44

Давлат тўнтаришига уриниш моддаси: "танқидчиларни йўқотиш учун яхши баҳона"


Марказий Осиё президентлари Душанбе саммитида. 14 сентябрь, 2023
Марказий Осиё президентлари Душанбе саммитида. 14 сентябрь, 2023

Шу кунларда Тожикистонда ҳокимиятни босиб олиш ва давлат тўнтаришига оид шов-шувли суд жараёни бўлмоқда. Судланувчилар – собиқ юқори мартабали мулозимлар, жумладан ТИВ ва Олий Кенгашнинг собиқ раҳбарлари, миллий хавфсизлик полковниклари. Жараён ёпиқ, иштирокчилардан маълумотларни ошкор қилмаслик ҳақида тилхат олинган. Кузатувчилар фикрича, “ўғлининг йўлини тозалашга киришган” президент Эмомали Раҳмон ушбу маҳкама орқали ҳукумат танқидчиларини “сазойи қилмоқда”.

“Давлат тўнтаришига уриниш” иддаолари Марказий Осиё учун янгилик эмас: режим танқидчиларини ушбу модда бўйича суд қилиш минтақанинг бошқа мамлакатларида кузатилган – бу иқтидордаги ҳукумат учун сиёсий рақибларни майдондан четлатиш усули бўлиб қолаётир.

Тожикистон: “қароқчи чоллар” фитнаси

Тожикистонда бир гуруҳ собиқ юқори мартабали мулозимлар суд қилинмоқда. Иш материаллари махфийлаштирилган, жараён эса ҳибсхона биносида ОАВ вакилларисиз, ими-жимида ўтказиляпти.

Воқеалар 2024 йилнинг ёзида Тожикистон Демократик партияси собиқ раиси ва парламент депутати Саиджаъфар Усмонзоданинг ушланишидан бошланди. Таниқли сиёсатчини ҳокимиятни босиб олишга уринишда айблашди.

Блогерлар “ови” давом этмоқда
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:14 0:00

Кўп ўтмай тағин бир қанча машҳур шахслар “Усмонзоданинг ҳамтовоқлари” деган иддао билан кетма-кет қўлга олинди. Хусусан, ишда собиқ ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий, Тожикистон Олий Кенгаши собиқ раиси Акбаршо Искандаров, Демпартия раисининг муовини ва журналист Аҳмадшоҳ Комилзода, Социал-демократик партия раисининг биринчи муовини Шокиржон Ҳакимов, ТИВнинг ахборот-таҳлил бошқармаси собиқ бошлиғи Абдулфайз Атоий, МХДҚнинг истеъфодаги полковниклари Нурамин Ғанизода ва Жамшид Боев ҳамда матбуотда номи чиқмаган бошқа шахслар фигурант сифатида қатнашмоқда.

Бурчасига ҳокимиятни куч билан босиб олиш, миллий ва ирқий адоват қўзғатиш, фирибгарлик ва давлатга хиёнат каби оғир моддалар билан айблов эълон қилинган.

“Фитначилар” устидан суд Душанбедаги ҳибсхонада, ёпиқ тартибда ўтказилмоқда. Судланувчиларнинг қариндошлари жараёнга қўйилмаяпти, адвокатлар тилхат берганларини айтиб журналистлар билан гаплашишдан бош тортишаётгани сабабли суд мажлисларига доир бирон бир тафсилот жамоатчиликка маълум эмас.

Терговни Бош прокуратура олиб борган ва аввалбошдан ишни махфийлаштириб, ОАВларга ҳеч қандай маълумот бермаган. Ҳукумат мазкур иш бўйича фақат бир марта расмий изоҳ берди: 9 август куни бош прокурор Юсуф Раҳмон матбуот анжумани чақириб, бир қанча таниқли кишиларнинг ушланиши “давлат тўнтаришига ва ҳокимиятни куч билан босиб олишга уриниш”да айбланаётган Саиджаъфар Усмонзода иши билан боғлиқ эканини айтди. У “яна бир неча киши”га нисбатан жиноят ишлари қўзғатилганини эълон қилди, аммо исмларни очиқламади.

“Ишга махфийлаштирилгани сабабли сизларга ҳеч нима дея олмайман. Фақат шуни айтишим мумкинки, ким давлатни, миллатни, президантни сотса, кимлигидан ва лавозимдан қатъи назар қонун олдида жавоб беради”, дея таъкидлади Юсуф Раҳмон.

Расмий талқинга кўра, фитначилар бир неча йил тайёргарлик кўрганлар. Бош прокуратура иддао қилишича, ишдаги энг муҳим далил 2021 йилда телефон орқали бўлган суҳбат ёзуви бўлиб, унда гўёки ҳокимиятни куч билан босиб олиш режаси муҳокама қилинган, “чет элдан жангариларни чақириш” ва экстремистик ташкилотлардан молиявий кўмак олиш ҳақида гап борган эмиш.

Экспертлар турли тахминларни илгари сураётган бўлишса-да, бир фикрда якдил: “давлат тўнтаришига уриниш” – танқидчилар ва потенциал хавфли шахсларни бартараф этиш учун қулай баҳона бўлиб, тўнғич ўғли Рустамга ҳокимиятни топширишга тайёрланаётган президент Эмомали Раҳмон шундан фойдаланиб қолмоқчи. 36 яшар Рустам Эмомали сўнгги бир неча йил ичида мамлакатнинг иккинчи одамига айланди ва, таҳлилчиларга кўра, отаси уни ворис қилиб танлаган.

Берлиндаги Карнеги маркази илмий ходими Темур Умаров амалдаги президент Эмомали Раҳмон ўғлини олий лавозимга “силлиққина, ортиқча муаммоларсиз” ўтқизишга ҳаракат қилаётганини айтади.

“Шу боис у янги президентга қарши қўллаш мумкин бўлган ҳар қандай таъсирчан маълумотларга эга биронта ҳам одамни қолдирмай, майдонни тозалаяпти”, дейди Умаров.

Экспертлар ҳокимиятда яқингача потенциал ворисни олий лавозим учун етук эмас ва унинг сиёсий вазни ҳатто тўнғич опасиникидан ҳам кам, дебҳисобловчилар бўлганига эътибор қаратишмоқда. Тўнғич опа – бу ҳозирда президент маъмуриятига раҳбарлик қилаётган 46 ёшли Озода Раҳмон.

“Давлат тўнтаришига тайёрланган деган айблов билан “қора курси”га ўтқизилганларнинг бари “қароқчи чоллар” бўлиб, аксари пенсия ёшида ва аллақачон сиёсатдан узоқлашган одамлар. Катта эҳтимол билан, улар қачондир қаердадир ворис ҳақида ҳақида ножўя гап айтиб қўйишган ва президент уларга шу тариқа сабоқ бермоқчи бўляпти”, дейди хавфсизлик важидан Озодлик билан анонимлик шартларида гаплашган тожикистонлик бир эксперт.

Суҳбатдошимизга кўра, Эмомали Раҳмон ўғлининг мамлакатни бошқара олишига шубҳа қилган барчани бош прокурор бўлмиш қудаси ёрдамида намойишкорона жазолашга қарор қилган.

OzodNazar: Путиннинг янги муддати ва Марказий Осиё
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:52:44 0:00

Марказий Осиё бўйича эксперт Брюс Панниер Тожикистонда ҳокимият транзитига халал бериши мумкин бўлган ижтимоий фикр лидерлари йўқ қилинмоқда, деб ҳисоблайди.

“Фигурантлар орасида амалдаги ҳукуматнинг мухолифлари ва тожик сиёсатида тажриба орттирган шахслар, 10-20 йиллар олдин лавозимда бўлган собиқ вазирлар ва бошқа собиқ мулозимлар бор. Ҳадемай мамлакатда ҳокимият отадан ўғилга ўтади, бу одамлар эса Рустам Эмомали иқтидорга келганида уни тан олмасликлари мумкин, ижтимоий фикр лидерларининг муносабати эса бошқаларга ҳам таъсир қилади”, урғулайди у.

Лондонда жойлашган Central Asia Due Diligence таҳлил маркази директори Алишер Илҳомов эса айбланувчилар қарийб 30 йилдан бери мамлакатни идора қилаётган Эмомали Раҳмонни ағдаришни ростдан ҳам муҳокама қилган бўлишлари мумкинлигини айтади.

“Биз тергов қанақа далилларга таянганини билмаймиз. Аммо иш махфийлаштирилганига қараганда далиллари жуда ғариб ёки бўяб-бежалган далиллар. Давлат тўнтаришига оид ишларга махфийлик грифи урилмаслиги керак, ахир гап давлат сирларининг ошкор бўлиши ҳақида кетаётгани йўқ-ку”, эътироз билдиради эксперт.

Айни чоғда Илҳомов бу каби айбловлар ва тергов ҳаракатлари олий раҳбари ҳокимиятга ёпишиб олган авторитар режимлар мантиғига бемалол мос келишини қўшимча қилади.

“Сўз эркинлиги бўлмагач аҳоли, ҳатто элита вакиллари ҳам режим ҳақида пинҳона фикр алмашишга мажбур бўлади. Бу амалдаги ҳукмдорни паранойя ва қўрқувга солади, чунки у мухолифат пайдо бўляпти деган хаёлга боради. Бунақа пайтларда давлатга қарши фитнага оид жиноят ишлари реал фактларга эмас, балки шубҳа-гумонларга таянади ва ҳукмдор ғафлатда эмаслигини ва ҳеч кимни ҳокимиятга бийлатмаслигини кўрсатиб қўйиш учун уларни намойишкорона жазолайди”, дейди Озодлик суҳбатдоши.

Қозоғистон: “Тракторда Оқўрдага юриш”

Қозоғистоннинг энг янги тарихида “давлат тўнтаришига уриниш” ҳолатлари бир неча марта бўлган, айримлари шу қадар ёишмаган айбловларки, ақл бовар қилмайди.

Давлат тўнтаришини режалаган бир неча киши тракторда Оқўрдани ишғол қилмоқчи бўлган – Давлат хавфсизлик қўмитаси (ДХҚ) тергов қилган бир жиноят иши материалларида шундай дейилади.

Гуруҳ арсеналида трактордан ташқари, пластик қувурдан ясалган ва қушларни ҳуркитиш ёки шунчаки эрмак учун қўлланадиган ўйинчоқ – картошкаотар, шунингдек пневматик милтиқ, ошхона пичоғи ва бир қулоч арматура ҳам бўлган.

“Ҳокимиятни босиб олишга уриниш”да гумон қилинган бу етти киши 2022 йил ноябрдаги президент сайлови арафасида ушланади. ДХҚ эса “гуруҳ сайлов куни ҳужумга ўтиб, акиматлар ва алоқа объектларини босиб олишни, тартибсизликлар уюштиришни, шаҳарларда транспорт ҳаракатини тўхтатишни кўзлаган”, дея ахборот беради.

“Фитначилар” қўлга олинганидан кейин ДХҚ ростдан ҳам давлатга қарши жиноятга ҳозирлик кўрилганига аҳолини ишонтириши керак бўлган видеони ёйинлади: кадрларда ғарибона хонада, ғарибона дастурхон атрофида бир неча эркак ўтирганини кўриш мумкин, уларнинг юзлари яширилган, бири Олмаота шаҳрини қўлга олиш ҳақида гапирмоқда. Стол ёнидаги пластик курсичада ёш бола ўтирибди.

“Гуруҳ таркибида жиноят олами ва бошқа асоциал қатлам вакиллари ҳаракат қилган. Улар қочоқ банкир Мухтор Аблязовнинг тарафдор ва ҳаммаслаклари ҳамда суд томонидан тақиқланган ҚДТ ва “Кўча партияси” фаоллари бўлганлар”, дейилади ДХҚ видеоролигида.

ДХҚ тилга олган “Қозоғистоннинг демократик танлови” (ҚДТ) ва “Кўча партияси” ҳаракатлари мамлакатда “экстремистик” дея тақиқланган бўлса-да, Европа парламенти резолюцияларида “тинч мухолифат” деб аталади. ҚДТ асосчиси Аблязов 2009 йилдан бери Европада яшайди, чет элда туриб Қозоғистон ҳукуматини танқид қилади ва одамларни ўз ҳақларини талаб қилишга, митингларга чиқишга даъват этади.

Мирзиёев Германияга нима учун борди? - Берлиндан махсус репортаж
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:15:40 0:00

Озодликка берган изоҳида у ДХҚ видеосини “постановка” деб атаб, махсус хизматлар ҳукуматни тинч йўл билан четлатишга қаратилган оммавий намойишлардан қўрқишини ва бунақа ҳаракатларни обрўсизлантиришга уринишини айтди.

Шов-шувли ҳибслардан бир ярим йил ўтиб Олмаота суди ҳуқуқ фаоллари “трактор иши” деб атаган ушбу жиноят иши бўйича ҳукм чиқарди.

45 ёшли Багдагул андреева, 41 яшар Ержан Тореқулов, 38 ёшли Ўлжас Кулжаҳонов олти йилга қамалди. 64 ёшли Сағингул Конар, 37 ёшли Тенилика Нурланова ҳамда Ақилжон Қийсимбаевга 5 йилдан қамоқ берилган бўлса, тергов чоғида “айбига иқрор бўлиб ифода берган” Айдос Илипбоевга 3 йилу 4 ой шартли қамоқ жазоси тайинланди. Уларнинг барчаси “ҳокимиятни куч билан босиб олишни тарғиб қилиш”, “экстремистик гуруҳ тузиш ва унинг фаолиятида иштирок этиш” ва “оммавий тартибсизлик уюштириш”да айбдор деб топилди.

Судланганлар иш сохталаштирилганини, ораларига кириб олиб, йиғинларда ҳокимиятни ўзгартиришга чақириб нутқ сўзлаган ДХҚ жосусларининг провокациялари қурбони бўлишганини айтишди. Адвокатлар ҳам провокацияларга урғу бериб, гуруҳ деган нарса аслида бўлмаганини, бу одамларнинг аксари бир-бири билан юзаки таниш бўлганини таъкидладилар.

Чунончи, Чет тиллар университети профессори, фалсафа фанлари номзоди ва диншунос Сағингул Конар бошқа судланувчиларни терговга қадар атиги уч марта кўрганини айтди.

“Ишни ЖКнинг 179 ва 272-моддаларига мослаштириш учун учрашувлар видеоёзуви стенограммасини ўзгартиришган. Яъни айбловга асос бўлган маълумотлар қалбакилаштирилган”, деди у суддаги чиқишида.

Ижарага олган боғида олма етиштириб сотиш билан шуғулланган Ўлжас Қулжаҳонов эса унинг кўчма вагонидан топилган ўқотар қуроллар (карабин ва автоматлар) унга тегишли эмаслигини айтди.

“Улар қаердан пайдо бўлганини билмайман. Ўзлари ташлаб қўйишган. 15, 16 ноябр кунлари қараганимда йўқ эди. 17 ноябр куни келиб тинтув ўтказишганида бирдан пайдо бўлиб қолди”, деди у ва мазкур иш отасининг фуқаровий фаоллиги билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини айтди: “Отам Сагат Қулжаҳонов – жамоатчи фаол. Аввалроқ унга “Тўрт ўғлинг бор, биронтаси қамалиб қолишидан қўрқмайсанми?” деб таҳдид қилишган экан. Мана, бир йил ўтиб мен панжара ортидаман”, деди судланувчи.

Адвокатлар уларнинг ҳимоясидаги шахсларни аниқ бир ҳаракат ёки фаолият учун эмас, балки фикрлари ва позициялари учун таъқиб қилишганини таъкидладилар.

Суд эса судланувчиларнинг айблари исбот қилинган деб топиб, 2024 йил мартда уларга нисбатан айблов ҳукми чиқарди.

Қозоғистон ҳуқуқ фаоллари “трактор иши” бўйича судланганларни сиёсий маҳкумлар рўйхатига киритишди. Расмий Остона сиёсий маҳкумлар ва сиёсий сабабларга кўра таъқиб қилиш ҳолатлари йўқлигини иддао қилади.

“Сиёсий таъқибнинг асосий белгилари цензура, махсус қонунлар ва жазоловчи органлар саналади. Ҳозирги Қозоғистонда булардан ҳеч бири мавжуд эмас. Фуқаро ўз сиёсий қарашлари учун жазолансин, дейилган ҳеч бир фармон, ҳеч бир қонун ёки бошқа меъёрий ҳужжат йўқ”, деди президент Қасим-Жомарт Тоқаев 2024 йил январда Egemen Qazaqstan газетасига берган интервьюсида.

Қозоғистонда фақат ҳокимият мухолифлари давлат тўнтаришига уринишда айбланади, деб ўйласангиз адашасиз. Мамлакатнинг энг янги тарихида ҳукуматнинг ўзидан чиққан одамлар шу айблов билан таъқиб қилинган камида иккита ҳолат бор.

2008 йилда ўша пайтдаги президент Нурсултон Назарбоевнинг куёви Роҳат Алиев 20 йилга қамалган эди. Мамлакатдан қочиб кетган Алиев бу пайтда чет элда яшар, Назарбоевнинг катта қизи Дариға билан никоҳи эса унинг иштирокисиз бекор қилинганди. Роҳат Алиев ва унинг сафдоши, ДХҚнинг собиқ раҳбари Алнур Мусаев устидан суд жараёни сиртдан ва ёпиқ тартибда ўтказилди.

Айблов хулосасига кўа, ихтисослиги врач бўлган Алиев, Мусаев билан тил бириктириб кучли таъсир қилувчи заҳарли моддалар ёрдамида мамлакат раҳбариятини жисмонан йўқ қилмоқчи бўлган, ҳокимиятни босиб олиш учун жангариларни тайёрлаган. Улар айбловни рад этишди. Алиев эса жиноий таъқибни қайнотаси билан зиддиятга боргани ва мухолиф сиёсатчи бўлгани учун қасос деб атади.

Остона Мусаев билан Алиевнинг Австриядан экстрадиция қилинишига эриша олмади. 2015 йилда Вена қамоқхонасида Қозоғистонда қўзғатилган бошқа бир иш бўйича судни кутаётган Роҳат Алиевнинг жонсиз танасини топишди. Расмий талқинга кўра, у ўзини ўлдирган.

2022 йилда давлат тўнтаришига уринишда ДХҚнинг яна бир собиқ раҳбари, Назарбоевнинг яқин сафдоши Карим Масимовни айбладилар. Ўтган йили Масимов “давлатга хиёнат”, “ҳокимиятни куч билан босиб олишга уриниш” ва “лавозим ваколатларини суиистеъмол қилиш” айблови билан 18 йилга озодликдан маҳрум этилди.

2022 йил бошида Қозоғистонда ҳукуматга қарши оммавий чиқишлар тартибсизликларга айланиб кетган ва кучишлатар ходимлар Тоқаев буйруғи билан намойишчиларга қарата ўқ отган эди; ўша воқеаларда камида 238 киши ўлгани айтилади.

Ҳукумат тартибсизликлар ортида “юқори мартабали шахслар” ва жиноят олами турибди ва улар ҳокимиятни куч билан босиб олишни режалаган, дея баёнот берди. Масимов ва унинг бир неча ходими устидан суд ёпиқ режим ўтказилди. “Давлат тўнтариши”га оид мазкур иш тафсилотлари маълум эмас.

Путиннинг Қозоғистон президенти исмини адаштириши тасодифми ëки...?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:54 0:00

Қирғизистон: ҳокимиятнинг уч марта куч билан алмашиши ва ўндан ортиқ “тўнтаришга уриниш”

Ҳокимият уч марта куч билан алмашган Қирғизистон учун таниқли сиёсатчилар ва мухолифат вакилларининг “ҳокимиятни куч билан босиб олишга уринди” деган гумон билан қамоққа олиниши камёб ҳол эмас.

Сўнгги йилларнинг энг резонансли сиёсий маҳкамаси бу “Кампиробод иши” бўлса керак. Унда сиёсатчилар, жамоат фаоллари ва ҳуқуқ ҳимоячилари дохил 20 дан зиёд киши судга тортилган эди. Аксарининг бор-йўқ “айби” Кампиробод сув омбори ҳудудининг бир қисми Ўзбекистонга берилиши масаласи муҳокама қилинган йиғинда иштирок этганидир.

Мазкур иш фигурантлари 2022 йил октябрда ушланди. ИИВ уларга “оммавий тартибсизликларга тайёрланиш”га доир модда билан айб қўйди. Аммо кейинроқ айримлари “ҳокимиятни куч билан босиб олиш”га ҳозирлик кўрганликда ҳам айблай бошладилар. Бир неча ойдан сўнг суд айбланувчилардан бир қисмини озод қилиб, уй қамоғига ўтказди. Қолган 8 киши ҳукм эълон қилингунча ҳибсда ўтирди. 2024 йил июнда биринчи инстанция суди жиноят таркиби йўқлиги муносабати билан барча айбланувчиларни оқлади. Иш махфийлаштирилгани сабабли жараён аввалбошдан ёпиқ бўлди.

Президент Садир Жапаров ҳукм чиққанидан сўнг: “Кампиробод иши” бўйича суд қарорига менинг ҳеч қанақа дахлим йўқ. Бу қарор тўғрими, йўқми, қатъи назар уни қабул қилишимиз керак”, дея баёнот берди. Кетидан эса, агар судья бўлганида “бу ишнинг бошида турганларга бирон жазо тайинлажагини” писанда қилиб қўйди. Чунки, президентга кўра, “улар одамларнинг фикрини бузиб, кўчаларга чиқишга ва ҳукуматни ағдариб ташлашга ундаган эшишлар”.

2024 йилнинг июлида Бишкек прокуратураси туман суди оқлов ҳукмига протест киритиб, иш бўйича айбланганларнинг барчасини айбдор деб топишни талаб қилди.

Фигурантлардан бири, Конституциявий суднинг собиқ судьяси Клара Сооронкулова оқлов ҳукми чиққанига қарамай улар барчаси “аросатда” қолишганини айтади. “Суд натижаси юқоридаги одамларнинг иродасига боғлиқ”, дейди у.

Сиёсатшунос Медет Тулегенов фикрича, муқобил нуқтаи назарни ифода қилиш учун майдон торайган шароитда бунақа ишлар қўзғатилиши табиий ҳол. Эксперт бу каби ишлар мазмунига доир маълумотлар йўқлиги туфайли ҳокимият ваколатларига эга бўлмай судда ўз ҳақлигингни исботлашинг қийин.

Яна бир шов-шувли кейс машҳур тадбиркор, 2021 йилда президент сайловида қатнашган Имомиддин Тошов билан боғлиқ. Уни 2023 йил октябрда қонунга хилоф тарзда турар-жой уйлари қуришга доир иш бўйича қўлга олишган эди. Бизнесмен жами қиймати 600 минг доллардан ортиқ бўлган ўнта квартирани давлатга топшириш билан зарарни қоплага, суд уни уй қамоғига чиқарди.

2024 йил январда интернетда бир видео пайдо бўлди: унда Тошов 2023 йил декабрда ўзини махсус хизмат ходимлари деб таништирган номаъум одамлар уни ушлаб, саккиз кун қамаб қўйишгани, оила аъоларингни ўлдирамиз, ширкатингни тортиб оламиз деб таҳдид қилишгани ҳақида гапирган. Айтишича, ўша одамлар Тошовдан “товон” сифатида 1 млн доллар талаб қилганлар.

Январ ойида Тошов қидирувга берилди, апрелда эса уни ҳокимиятни куч билан босиб олишга уринди деган айблов билан қўлга олишди. Иш ҳанузгача судда кўрилмоқда.

Тергов маълумотларига кўра, тадбиркор ҳибсхонада ўтирган чоғида чет элда яшайдиган бир фаол билан телефон орқали боғланиб турган ва давлат тўнтаришини режалаган. МХДҚ раиси айтишича, бу сўзлашув суд қарорига асосан ёзиб олинган.

Сиёсатшунос Эмин Жўраев ушбу модда бўйича жиноят иши қўзғатиш оддий ҳол бўлиб қолганини айтади. Бироқ булар бари криминал оламга қарши кураш ниқоби остида қилинмоқда, амалда эса нафақат мухолифат вакиллари, балки оддий танқидчилар ҳам таъқиб нишонига айланаётир.

Ўзбекистон ва Туркманистон: мамлакат раҳбарларига “суиқасд қилишга уриниш”лар

1999 йил 16 февралда Ўзбекистон расмийлари давлат тўнтаришига уриниш бўлгани ҳақида жар солишди: Тошкентда туркум кучли портлашлар содир бўлди. Ҳукумат 13 киши ўлиб, 100 дан зиёд одам жабрланганини маълум қилди. Ўзбекистоннинг марҳум биринчи президенти Ислом Каримов терактда диний экстремистлар ва сиёсий мухолифатни айблади, бу воқеалар унинг ҳаётига қасд қилишга уриниш эканини айтди.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Ўзбекистон ҳукумати терактдан мухолифатга ҳамда сиёсий ва диний арбобларга босимни кучайтириш учун фойдаланганини қайд этишган.

2023 йилда Туркманистонда ҳам “давлат тўнтаришига уриниш”нинг олди олинди. Ўшанда махсус хизматлар 20 кишини ушлаб, “қуролли қўзғолон кўтаришга уринди” дея айб қўйган. “Фитначилар” орасида собиқ қишлоқ хўжалиги вазирининг ўғли Ботир Мередов, ички ишлар вазирининг ўринбосари Аҳмад Жўжатовлар бор. Махсус хизматлар ахборотида “фитначилар” юк машиналарида Туркманистонга турли қуролларни ташигани ҳақида сўз боради.

2002 йилда ҳам туркман махсус хизматлари “давлат тўнтаришига уриниш” бўлганини хабар қилишган: 25 ноябр тонггида президент Ниёзов кортежи гўёки “ҳокимиятни куч билан босиб олишни режалаган” гуруҳ томонидан ўққа тутилган эмиш. Собиқ бош вазир ўринбосари Борис Шихмурадов муваффақиятсиз фитна ташкилотчиси деб аталди. Жами 46 киши, жумладан 17 нафар чет эл фуқаросини ушладилар. Улар орасида собиқ ташқи ишлар вазири Ботир Бердиев, Тошҳовуз вилояти собиқ ҳокими Язгелди Гундуғдиев, парламентнинг собиқ раиси Тагандурди Холлиев ва бошқа мулозимлар бор.

“Давлат тўнтаришига уриниш айблови қандай қўлланганига доир кўплаб кейслар мавжуд. Бунақа жиноят ишлари одатда норозилик акцияларидан кейин, баъзан эса шунчаки ресурслар ва активлар учун ички кураш, рақобат натижасида қўзғатилади”, дейди Берлиндаги Карнеги маркази илмий ходими Темур Умаров.

Сиёсий арбоб ёки тадбиркорга “давлат тўнтариши ўтказишга уринди” деган айблов қўйилар экан, демак, у ўз обрў-эътибори ва таъсири билан амалдаги режимга муайян хавф туғдирмоқда, дея қўшимча қилади таҳлилчи.

Президент танқидчиси бўлган блогернинг онаси билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:28:42 0:00

Марказий Осиё бўйича эксперт Брюс Панниерга кўра, илгари ҳукумат ўз танқидчиларини йўқ қилишда “терроризм” моддасини қўлларди, аммо вақт ўтиши билан ушбу модда “ишламаслиги” аён бўлди, чунки терроризм учун қамалганлар ростдан ҳам террорчи эканига одамларни ишонтириб бўлмай қолди.

“Шу боис Марказий Осиё мамлакатлари ҳукуматлари янги ҳийла ўйлаб топишди: одамларни ҳукуматни ағдариш мақсадида фитна тузишда ёки шунга даъват қилишда айблашяпти, кейин эса ёпиқ суд қилишмоқда. Яги айбловларни қонунлаштиришда уларга мазкур моддалар мазмунини ҳукумат истаганидек талқин қилиб берадиган юристлар ва содиқ лингвистлар ёрдам беришяпти”, дейди эксперт.

Форум

XS
SM
MD
LG