Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:52

"Мовий қиз" ўлими ортидан Эронда аёлларга чекловни бекор қилиш чақириқлари кучайди


Эронда эркаклар ўртасидаги футбол ўйинини томоша қилишда айбланган аёл ўзига ўт қўйиб, ҳалок бўлиши ортидан мамлакатда аёлларнинг эркаклар спорт ўйинларини томоша қилишига қўйилган тўсиқни бекор қилишга чақириқлар авж олди.

“Истиқлол” футбол клуби мухлиси Саҳар Худоёрий 2 сентябрь куни суд иморати олдида ўзининг устидан бензин қуйиб, ёқиб юборган ва бир неча кун ўтиб ҳалок бўлганди.

У жорий йилнинг баҳорида футбол ўйинини томоша қилиш учун стадионга киришга уринишда айбланиб, судга чақирилган.

12 сентябрь куни бир гуруҳ эронлик Худоёрий ўзига ўт қўйган жойда унинг хотирасига шам ёқди.

Хабарларга кўра, севимли гуруҳи ранги мовий бўлгани учун “Мовий қиз” лақаби берилган Худоёрийга ўлимидан олдин олти ойга қамалиши мумкинлигини айтишган.

Худоёрийнинг синглиси сўзларига кўра, опаси маниакал-депрессив психоздан азият чеккан. Олти ойга қамалиши мумкинлигини эшитгач, руҳий аҳволи оғирлашган.

Худоёрий жорий йилнинг мартида ўзи ишқибоз бўлган футбол жамоаси ўйинини кўриш учун стадионга киришга уринган пайтда полиция томонидан қўлга олинган эди. Уч кун ҳибсда сақланганидан сўнг, у гаров эвазига озод қилинган ва иши судда кўриб чиқилишини олти ой кутган.

Белгиланган куни Саҳар Худоёрий судга келган, бироқ суд мажлиси судьянинг шахсий муаммолари туфайли бошқа кунга қолдирилган. Бироқ Худоёрий суд ходимларининг гапларидан ўзи олти ойдан икки йилгача қамалиши мумкинлигини билиб олган.

Жорий ҳафта бошида “Истиқлол” футбол клуби ўйинчилари навбатдаги машқлардан олдин Худоёрий хотирасига сукут сақлашди.

Клубнинг асосий рақиби бўлмиш “Персеполис” клуби ўйинчилари ҳам Худоёрий хотирасига сукут сақлади.

Худоёрийнинг қўлга олиниши, ўзига ўт қўйгани ва ҳалок бўлгани ижтимоий тармоқларда кескин қораланди. Фойдаланувчилар стадионларга аёл томошабинларни киритишни ман этувчи қонунни кескин танқид қилишди. Кўпчилик эронлик футболчиларни аёлларга қўйилган чеклов бекор қилинмагунича, ўйинларни тўхтатиб қўйишга чорлади.

Бошқа футболчилар ва клублар, жумладан, Ғарб давлатлари клублари FIFA расмийларини Эронда аёл томошабинларга қўйилган чекловни бекор қилиш учун Теҳронга босим ўтказишга чорлади.

Хусусан, “Челси” эркаклар ва аёллар клублари ўйинчилари, Италиянинг “Рома” клуби ўйинчилари, Дания футбол ассоцицияси Худоёрийни хотирлаб, FIFA расмийларини муайян чора кўришга чорлади.

FIFA етакчиси Жанни Инфантино июль ойида Эрон расмийларини аёллар футбол ўйинларини томоша қилишга йўл очиш учун чора кўришга чорлаган эди.

Жорий йилда Эрон спорт вазири аёлларнинг футбол ўйинларини томоша қилишига изн бериш йўлида айрим чоралар кўрилаётганини айтди. 25 август куни спорт вазири ўринбосари Жамшид Таҳизода аёлларга Эрон ва Колумбия ўртасидаги Жаҳон чемпионати учун саралаш ўйинини томоша қилишга изн берилишини эълон қилди.

11 сентябрь куни FIFA аёлларга қўйилган тўсиқ масаласини муҳокама қилиш учун мамлакатга делегация юборилишини маълум қилди.

Эронлик ҳуқуқшунос Парванеҳ Салаҳшури Худоёрий “Эрон қизи“ бўлганини айтар экан, мамлакатда эркаклар аёллар тақдирини ҳал қилиши ва уларнинг фундаментал ҳуқуқларини чеклашини таъкидлади.

Саҳар Худоёрий
Саҳар Худоёрий

Тасдиқланмаган хабарларга кўра, Худоёрий 7 ёки 8 сентябрь куни ҳалок бўлган, аммо унинг вафоти Қум шаҳрида ўтказилган дафн маросими якунланганидан кейин эълон қилинган.

XS
SM
MD
LG