Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:49

Нукус музейи собиқ директори: "Музейдаги аҳволни яхшилаш учун қайтишга тайëрман"


Мариника Бобонаразарова
Мариника Бобонаразарова

Нукус шаҳридаги Савицкий номидаги Давлат санъат музейида сувда ивиб, сифатига катта зарар етган асарни "реставрация қилиш ва олдинги ҳолатига тўлиқ қайтариш имкони" изланаëтган бир пайтда музей раҳбарини алмаштириш масаласи ҳам кўрилмоқда.

​Ўзбекистонлик таниқли ҳайкалтарош ва жамоат арбоби Дамир Рўзибоев Савицкий музейидаги шоҳ асар вайрон қилингани ортидан 20 июль куни Ўзбекистон президентига мактуб йўллаб¸ 2015 йилда ишдан бўшатилган музей директори Мариника Бобоназаровани ишга қайтаришни сўраганди.

25 июль куни Ўзбекистон Маданият вазирлигида ўтган матбуот анжуманида вазир Бахтиёр Сайфуллаев бу саволга ижобий жавоб қайтарди.

-Савицкий музейи собиқ раҳбарининг ишга қайтиши масаласи қайта кўрилиши мумкин, - деди вазир Озодлик мухбири билан суҳбатда.

Бу баëнотдан олдин Ўзбекистон маданият вазирининг ўринбосари Камола Орипова Нукусдаги музейга 31 йил раҳбарлик қилган собиқ директор Мариника Бобоназаровани вайрон бўлган асар билан музейнинг ўзида танишишга шароит яратиб берган эди.

"Савицкийнинг нодир коллекцияси" дея 31 йил давомида Ўзбекистонни дунëга танитган Нукусдаги давлат санъат музейининг собиқ директори 63 яшар Мариника Бобоназарова 31 июль куни Озодликка эксклюзив суҳбат берди.

Озодлик: Сиз ишдан бўшатилган 2015 йил августида Озодлик "энди коллекциянинг тақдири нима бўлади" дея мақола эълон қилган эди. Ўткан 3 йил ичида камида 3та асарнинг шиксатлангани бу ҳавотирлар асоссиз эмаслигини кўрсатди. Жамоатчилик сизни қайтишингизни сўраяпти. Вазир ҳам, вазир ўринбосари ҳам қарши эмас. Ишга қайтиб, ўзингиз айтмоқчи, "Савицкийнинг нодир коллекциясини ит каби қоровуллашни" давом эттирасизми?

Бобоназарова:- Шу кунларда Нукусдаги Савицкий музейи коллективида юзага келган аҳвол одамни кўнглини айнитадиган даражада ëмон. Музей асосчиси Игорь Савицкийнинг жамоага илҳом берувчи руҳи ўлдирилган. Ишнинг кўзини биладиганлар қувиб юборилди. Мен музейга қайтиб бориб, яна директор бўламан деб, ўпкамни қўлтиқлаб турганим йўқ. Аммо ҳукуматимиз шу музейдаги аҳволни тўғирлаб беринг деб, мендан илтимос қилса, мен албатта ишга қайтаман. Чунки, мен учун музей - умрим мазмуни. Мен музейдаги аҳволни яхшилаш учун қайтишга тайëрман. Мен ишдан кетганимдан кейин ҳам музей ҳақида ўйлашда давом этдим. Музейнинг ўтидан кириб кулидан чиққан одам сифатида бу масканга Игорь Савицкийнинг ëрқин руҳини қайтариш учун жонимни ҳам аямайман.

Озодлик: Игорь Савицкий номидаги Нукус давлат тасвирий санъат музейи асосий экспозициясидан ўрин олган ноëб рангтасвир асари 16 июль куни шикастланган қувурдан оққан сув остида қолиб вайрон бўлди. Сиз буюк рассом Александр Шевченко (1883-1948) тарафидан 1914 йилда яратилган "Челак кўтарган аëл" асарини вайрон бўлган ҳолда кўрган саноқли кишилардан бирисиз. Мен гаплашган зал мудираси асар "тиклаб бўлмас ҳолга келган", деб айтди. Сизнинг фикрингиз қандай бу борада?

Бобоназарова: - Вайрон бўлган асарни ўз кўзим билан кўрган санъатшунос сифатида тафсилотларни айтишим мумкин. Музей ходимларининг ўз ишига совуққонлик билан қарагани борасида ҳозир текшириш олиб бораëтган Бош прокуруратура вакиллари тегишли ва малакали хулоса беради, деб ўйлайман. Шевченко асарининг бугунги аҳволини жуда ëмон, деб баҳолайман. Полотнога жуда катта зарар етган. Мен эҳтиросга берилмай¸ максимал объектив гапириряпман. Асар камида 60 фоиз зарар кўрган. Музей ходимларининг ўзлари асарнинг 80 фоизи вайрон қилинган, дейишди. Шу икки рақамдан келиб чиқиб картинадаги мой-бўëқ сатҳининг 70 фоизи нобуд бўлган, дея айта оламан. Асарга етган зарар шундоқ кўзга ташланиб турибди. Бутун картина улкан доғлар билан қопланган ва мой-бўëқ қатламига шикаст етган. Бунинг нималиги ва оқибатини рассомлар яхши билади.

Озодлик: Айнан нима бўлди ўзи? Эрмитажда устидан кислота қуйилган Рембранд асари ҳам бунча зарар кўрмаганди. Наҳотки, оддий сув мойбўëқ асарнинг 70 фоизини нобуд қилса?

Бобоназарова: - Ҳамма гап ҳам шунда. Нега оддий сув босими мойбўëқли асарни бу қадар вайрон қилди? Сувдан шунча зарар кўргани менда шубҳа уйғотмоқда. Билишимча, асар узоқ вақт (6 соат-таҳр) жўмракдан отилган сув босими остида қолган. Бунга асосий сабаб музей персоналининг ишга совуқ муносабатда бўлганидир. Агар қоровуллар ухламай, қараб турганида сув оқишини тўхтатган бўлар эди. Иккинчи қаватда оқиб ëтган сув шифтдан сизиб биринчи қаватга тушганида ҳам, қоровуллар эътибор ҳам бермаган. Галерея бош муҳофизи расм вайрон бўлганидан хабар топганидан кейин¸ картина девордан ечиб олинган ва горизонтал ҳолатда ëтқизиб қўйилган. Кейин эса фонд хонасига олиб кирилган. Фонд салқин асосий зал эса иссиқ. Ҳарорат тафовути картинаниинг кейинги тақдирини янада ëмонлаштирди. Шу кунларда расм аста-секинлик билан қуритилмоқда. Картина ҳали тўла қуриб бўлгани йўқ. Полотно батамом қуриб подрамникка таранг тортилганидан кейин, асосий йўқотиш ҳақида билгига эга бўламиз. Воқеадан олдин картина яхши ҳолатда яъни подрамникка таранг тортилган ҳолатда бўлган.

Озодлик: Давлат томонидан 3 миллион АҚШ долларига суғурталанган ва Рус авангард йўналишидаги шедевр асарнинг асл нусхаси сотиб юборилиб¸ қалбакисига алмаштирилган, деган иддао ҳам бор. Бузилган қувур воқеаси эса изларни йўқотиш учун дейишди. Сиз асарнни вайрон бўлишидан олдин яхши билган мутахассис сифатида бу иддаога нима дейсиз? Сув остида қолган асар аслми ë қалбаки?

Бобоназарова: - Асарнинг асл ëки қалбаки эканлигини аниқлаш учун махсус қурилма лозим. Биз вайрон бўлган картинани 30 киши бўлиб кўрдик. Бунақа гавжум ҳолатда кўп нарсани аниқлаш қийин. Ҳарҳолда оригинал деган фикрдаман. Худога шукр-ки, ранг қатлами остидаги грунт (мато устига расм чизишдан олдин асар заминига суртиладиган оқ рангли қатлам-таҳр) зарар кўрмаган. Мен, грунт нобуд бўлди деб, қўрққандим. Агар грунт ишкал топганида асарни сақлаб қолиш имкони жуда камайган бўларди.

Озодлик: Картинани қайта тиклаш мумкинми?

Бобоназарова: - Картинани қайта тиклаш мумкин, деб ўйлайман. Лекин картинани тиклаш жуда машаққатли¸ изчил ва узоқ жараëн бўлади. Бу бир неча ойда битадиган иш эмас. Менимча, таъмир бир неча йилларни ўз ичига олади. Бу асар томошабинлар нигоҳидан бир неча йил мосуво бўлгани аниқ. Музей зиëратчилари бу шедеврни бир неча йил томоша қила олмайди. Бу менинг энг некбин¸ энг оптимистик прогнозимдир. Расмни тез қутқараман деб, шошилмаслик муҳимлигини урғуламоқчиман. Мақсад¸ асарни қанча вақт лозим бўлса, шунча вақт ичида жиддий реставрация қилиб, келажак авлодларга етказишдир. Шу боис шошишнинг кераги йўқ. Бўлар иш бўлди. Мени хавотирга солаëтган нарса уқувсизлик билан расмга яна зарар етказилмаслиги. Музейда бу расмни реставрация қила оладиган мутахассис йўқ. Музей ходимлари қош қўяман деб, кўз чиқариб қўймаса, бўлди.

Озодлик: 2015 йилда сизни музей ишини яхши ташкил қила олмади дея ишдан бўшатишган эди. Шевченко асарини вайрон қилган ўт ўчириш тизими сиз пайтингизда ўрнатилган эди. Менда бор маълумотга кўра, лойиҳани сиз мақуллагансиз. Бугунги аҳволда сизнинг айбингиз йўқми?

Бобоназарова: - Бу тизим мен ишлаган даврда ўрнатилмаган. Мени 2015 йил ишдан бўшатишди. Ëнғинни сув пуркаб ўчирадиган тизим эса 2016 йил ўрнатилган. Лекин мен баъзилар каби ўз зиммамдан айбни соқит қилмоқчи эмасман. Мен ҳар қандай саволга очиқман. Оловни газ билан ўчирадиган тизим масаласида аниқлик киритсам: мен айнан шу тизимни таклиф қилгандим¸ лойиҳачиларга. Лекин, бу тизим қиммат дея сув билан ўчирадиган тизим ўрнатилди. Дунëдаги аксар музейларда фақат газ билан ўт ўчириш тизими ўрнатилган. Нукус музейида эса вақт бомбаси каби хатарли иш қилишди. Газ ўрнига сув тўлдиришди. Мана оқибати¸ - дейди Нукус музейини 31 йил бошқаргани ортидеан 2015 йилда ишдан олинган Мариника Бобоназарова Озодлик билан суҳбатда.

Рассом Шевченконинг вайрон бўлган асари
Рассом Шевченконинг вайрон бўлган асари

Бобоназарова 2015 йилда , Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати музейни тафтиш қилиб, 581 миллион 625 минг сўмлик 5 та картина йўқлигини ўзбек матбуоти эълон қилгани ортидан, ишдан олинган эди.

Бобоназарова халқаро экспертлар тарафидан умумий қиймати 2 миллиард долларга баҳоланган картиналар сақланадиган музейни “31 йил давомида қўриқлаб келгани” ва “музейни талон-тарож қилишга йўл бермагани” санъатшунослар тарафидан айтиб келинган эди.

Нукус музейи собиқ директори: «Музейдаги аҳволни яхшилаш учун қайтишга тайëрман»
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:03 0:00
Бевосита линк

XS
SM
MD
LG