Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:37

Пахта терими суръати тушиб кетгани боис, қолган талабалар ҳам далага ҳайдалди


Ўтган ҳафта охирларида Ўзбекистонда об-ҳавонинг ёмонлашиши туфайли пахта теримига навбатдаги сафарбарлик бошланди. Ёмғир ёғиши ва совуқ тушиши натижасида олдин сафарбар этилган кўплаб теримчиларнинг уйларига кетиб қолиши кўпайган. Пахта даласига нафақат вилоятлардаги коллежлар, балки пойтахтдаги айрим олий ўқув юртлари ўқитувчи-талабалари чиқарилди.

Хусусан, Беруний номидаги Тошкент давлат техника университетининг 4 курс талабалари пахта теримига сафарбар этилди.

Озодлик билан аноним тарзда суҳбатлашган университетнинг муҳандислик-физика факультети талабаларидан бири Жиззахнинг Зарбдор туманига юборилганини айтди.

У университетнинг 4 курс талабалари Жиззах вилоятига ўзлари етиб боришлари кераклигидан норозилигини билдириб, бундай деди:

- Жиззахнинг Зарбдор туманига жўнатилдик. Энергетика факультети нинг учта йўналиши, геология-кончилик факультети талабалри келаяпти. Биздан олдин Тоғ-кончилик факультети кетган эди. Ўша болаларнинг кўпи қайтиб кетворибди, терим тушиб кетган. Шунга бизни юборди. Сезон бошида 2 курслар юборилган эди. 1 курсларни “ёш” деб, 3 курсларда эса “ҳарбий кафедраси” борлиги учун олиб келишмаган. Тўртинчи курсдагилар ўз ҳисобига пахтага келаяпти, кўпчиликда пули йўқлиги учун етиб келишга қийналаяпти, деди талаба йигит.

Суҳбатдош ўзи ҳам ота-онасидан пул олиб, Жиззахга етиб келганини маълум қилди.

Техника университети маъмуриятида Озодликка навбатдаги сафарбарлик Тошкент шаҳар ҳокимияти талаблари асосида амалга оширилаётганини билдиришди. Идора вакиласи буни далада одам кескин камайиб кетгани билан изоҳлади.

- Ҳамма факультетлар 10 сентябрдан чиқарилган. Домлаларнинг бир қисми смена алмашиб келди аллақачон. Ҳокимият одам сўраяпти. Одам етишмагани, ўқувчилар йўқлиги учун яна олиб боришаяпти, дея тушунтириш беришди олийгоҳ идорасида.

Айни пайтда, пахта даласига нафақат Тошкентнинг олий ўқув юртлари талабалари, балки минтақалардаги коллежлари талабалари сафарбарлиги оширилди.

Қўқон тиббиёт коллежида ётоқ шароитидаги теримга 3- курс талабалари олиб кетилгани, қоллежда қолаётган 2- курс ўқувчилари ва ўқитувчилар кунлик теримга чиқарилаётганини маълум қилишди.

- Бир ва иккинчи курс чиқарилгани йўқ – улар ўқияпти. 3 курслардан 450 талаба пахта даласида. Улар 4 октябр куни Учкўприк туманига учта штабга жойлаштирилди. Яна 40 ўқитувчи-ишчи ходимлар бор ётоқда. Ҳозир кунлик теримга 160 нафар талаба ва 10 ўқитувчи чиқарилаяпти, деди коллеж ўқитувчиларидан бири.

Қўқон тиббиёт қоллежининг талабалари ётоқ жойи етишмовчилиги туфайли кунлик теримга чиқарилаётгани аниқланди. Эрталаб «Отойўл» автобусларида Данғара тумани пахта далаларига олиб кетилаётган талабалар кечки 5-6ларда ортга қайтарилмоқда. Кунлик норма улар учун 30 килограмм қилиб белгиланди.

Ижтимоий тармоқлар воситасида Озодликка келиб тушаётган хабарларда теримда иштирок этмаган ўқувчи-талабалар ўз ўқув юртларидан ҳайдалиши билан қўрқитилаётгани айтилган.

Шу кунгача Ўзбекистон далаларида Навоий Давлат педагогика институти ,Самарқанд Давлат Университети, Тошкент Тиббиёт Академиясининг Фарғона филиали, Навоий давлат кончилик институти, Тошкент Ирригация Институти, Андижон Давлат университети, Гулистон Давлат университети, Тошкент Ирригация ва мелиорация институти каби олий ўқув юртлари талабалари пахта тераётган эди. Келтирилган рўйхат Озодликда берилган маълумотлар асосида тузилди. Мамлакатдаги бошқа олий ўқув юртлари талабалри шу кунгача пахта теримига жалб этилгани тўғрисида Озодликда маълумот йўқ.

Шунингдек, вилоятлардаги барча коллежларнинг юқори босқич ўқувчилари ҳам пахта теримига жалб қилинган.

XS
SM
MD
LG