Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:36

Тожикистон ҳокимияти расман Раҳмонларга ўтмоқда


Раҳмон хотини ва қизлари билан Умра зиëратида. Озода Раҳмон ўнгдан биринчи.
Раҳмон хотини ва қизлари билан Умра зиëратида. Озода Раҳмон ўнгдан биринчи.

Ўзини “Миллат пешвоси”¸ хотинини “Ислом аëллари пешвоси”¸ ўғлини коррупциячилар пешвоси қилиб белгилаган Имомали Раҳмон¸ қизи Озодани президент маъмурияти раҳбари этиб тайинлади.

38 яшар Озода Раҳмон бу лавозимга қадар Тожикистон Ташқи ишлар вазирининг биринчи муовини лавозимида ишлаб келаётган эди.

Раҳмон қизи Озодага аллақачон давлат мукофотлари ҳам бериб улгурган.
Раҳмон қизи Озодага аллақачон давлат мукофотлари ҳам бериб улгурган.

Расмий биографиясида ëзилишича¸ Раҳмоннинг учинчи қизи Озода беш фарзанднинг онаси ва АҚШдаги Жоржтаун ва Мэриленд университетини тугатган.

Озоданинг эри Жамолиддин Нуралиев Тожикистон Миллий банки раҳбарининг биринчи муовини бўлиб ишлайди.

Озода серфарзанд Раҳмоннинг тўққиз боласи орасида сиëсий жиҳатдан энг фаол қизидир. Бошқа қизлар¸ айтилишича¸ асосан бизнес соҳасида даромад қилиш билан машғул.

Раҳмоннинг катта ўғли Рустамни ворисликка ҳозирлаëтгани айтилмоқда.
Раҳмоннинг катта ўғли Рустамни ворисликка ҳозирлаëтгани айтилмоқда.

Раҳмоннинг тўнғич ўғли Рустам мамлакатнинг коррупцияга қарши курашувчи агентлиги¸ Олимпия қўмитаси ва яна қатор давлат ва нодавлат тузилмаларини бошқариб келади.

Мухолифат томонидан Имомали Раҳмон хархашаларини қонунийлаштириб бериш воситасига айлангани айтилаëтган тожик парламенти¸ кейинги ойлар давомида мамлакат ҳокимиятини Раҳмонларга хатлаб бериш жараëнини бошлади.

Шу мақсадда¸ мамлакат конституцияси қайчиланиб¸ унга Тожикистонни оилавий династия бошқарувига ўтказиш учун эшикларни ланг очувчи ўзгартишлар киритилди.

Аввалига¸ 2015 йил декабрида Тожикистонда Эрон бошқарув тизимидан нусха олингани айтилаëтган президентдан ҳам кучлироқ ва ваколатлироқ бўлган “Миллат пешвоси” деган мақом таъсис этилди ва у Имомали Раҳмонга берилди.

Жорий ҳафта парламент конституциядаги бир шахснинг икки мартадан ортиқ президент бўла олмаслиги ва президент бўлиш учун белгиланган энг минимум ëшни пасайтириш ҳақидаги қонун лойиҳасини қабул қилди.

Буўзгартишларнинг умумхалқ референдуми деган томоша тадбири орқали яқин келажакда конституцияга муҳрланиши кутилмоқда.

Бу ўзгартишлар¸ Раҳмоннинг истаса ўлгунча президент бўлиш¸ истаса ўғлини президент қилиб¸ ўзи уни назорат қилувчи олий пешво бўлиб яшашига замин яратади.

"Ислом аëллари пешвоси" рутбасини бериш таклиф этилаëтган Азизамоҳ Раҳмон эри билан.
"Ислом аëллари пешвоси" рутбасини бериш таклиф этилаëтган Азизамоҳ Раҳмон эри билан.

Бу орада тожик жамоатчилиги¸ “Миллат пешвоси” завжасини ҳам унутиб қўймади – яқинда умра зиëратидан қайтган Раҳмоннинг уй бекаси хотинига “Ислом аëллари пешвоси” рутбасини расман бериш ҳаракатини бошлади.

Бу таклифни жамоатчилик эътиборига ҳавола этган диншунос Абдулло Муҳаққиқ президент хотинини Муҳаммад пайғамбарнинг хотини Ҳазрати Ойшага тенглаштириб, Азизамоҳ Раҳмонова марказий осиёлик аёллар орасида биринчи бўлиб Каъбанинг ичкарисига кириб, уни тавоф қилишга муваффақ бўлгани учун шу мақомга лойиқ¸ деган иддаони илгари сурди.

Раҳмон ва хотини етти фарзанди билан Душанбега келган Хитой президенти шарафига уюштирилган зиëфатда.
Раҳмон ва хотини етти фарзанди билан Душанбега келган Хитой президенти шарафига уюштирилган зиëфатда.

Бу хабар ортидан¸ Раҳмон қизларидан бирининг президент маъмурияти раҳбари этиб тайинлангани эълон қилинди.

Мамлакатдаги ҳамма сердаромад соҳа тепасига ўз қариндошларию¸ қуда-андаларини қўйган собиқ совхоз раиси Имомали Раҳмон¸ мухолифат фикрича¸ мамлакат ҳокимиятини ноқонуний тарзда ўзи ва оиласи қўлига олмоқда ва қонли фуқаролик урушини бошдан кечирган бу камбағал мамлакатни яна бир беқарорлик жарига томон тортмоқда.

XS
SM
MD
LG