Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:39

Ғузорда фермер хўжалиги раиси теримчи аёлни калтаклади


Қашқадарёнинг Ғузор туманида яшовчи Ҳуршида Пирназарова терган пахтасини топшираётганда тарозидан уриб қолинишига эътироз билдиргани учун калтаклаган фермер хўжалиги раиси устидан шикоят қилди.

30 ёшли уй бекаси Ҳуршида Озодлик билан суҳбатда маҳалла фаоллари тарафидан мажбурлаб пахтага чиқарилгани, буни устига ўзи пахта терган фермер хўжалиги раисидан бундан 2 ҳафта олдин калтак еганини айтади.

- Мели Раҳмонов қишлоғидаги Асад Ҳудойбердиев фермер хўжалигида пахта тердик. Уйда ёш боламни қўйиб, бола пулини кесишмасин, деб пахтага чиққанман. Пахтани топшираётганимизда тарозидан уриб қолаверди. Ўн килогача уриб қоларди. Фермер хўжалиги раисига “нимага шунча уриб қоляпсиз, озроқ қайтаринг”, деган эдим сўкди, ёмон сўзлар билан ҳақоратлади, кейин урди, тепкилади. Пахта даласида хушсиз холатга келтириб ташлади, - дейди ғузорлик Ҳуршида.

Фермердан калтак еганини айтаётган ғузорлик теримчи туман касалхонасига тиббий ёрдам сўраб мурожат қилган, лекин касалхона уни қабул қилмаган.

- Шифокорлар олишмади, "калтак еганни олмаймиз" дейишди. Уйга келиб уйда даволандим. Кейин мелисага ҳам мурожат қилдим, прокуратурага ҳам ариза билан мурожат қилдим, ҳеч қандай натижа йўқ. Ҳеч ким ишимни кўрмаяпти, - дейди Ҳуршида Пирназарова.

Ғузар тумани ички ишлар бўлимидагилар Ҳуршида Пирназарова фермердан калтак егани ҳақида шикоят қилганини тасдиқлашди. Лекин, иш “маиший можаро” деб топилиб, ёпилган.

Озодлик Ғузордаги Асад Худойбердиев фермер хўжалиги раисининг ўзига боғланди. Лекин, у бу ҳақда гапиришни истамади ва телефон гўшагини қўйиб қўйди.

Ҳуқуқ ҳимоячилари Ўзбекистонда амалдорлар қўл остидаги шахсларни таҳқирлаш ва калтаклаш одатга кирганини таъкидлашади.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Зиёдулла Раззоқовнинг айтишича, одатда бундай ҳуқуқ бузилишларидан шикоят қилинган тақдирда ҳам иш кўриб чиқилмайди.

- Ҳоким фермерни калтаклаши, фермер қўли остидагиларни калтаклаши бу жуда кенг тарқалган. Ҳокимларни ўзлари муштумзўр бўлса, прокурор ва мелисани ўзи муштумзўр бўлса калтак еган кимга арз қилади? Арз қилса ҳам ким унга қулоқ солади, ишни ёпиб қўйишади, шу билан муштумзўрликлар яна давом этаверади, - дейди Раззоқов.

Ўзбекистонда маҳаллий амалдорларнинг зўравонлиги инсонлар ўлимига сабаб бўлгани ҳоллари ҳам кўп бўлган. Лекин ҳаётдан кўз юмганлар қариндошларига босимлар ўтказилиб, бу жиноятлар жамоатчиликдан сир тутиб келинади.

XS
SM
MD
LG