Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:35

Ўзбеклар нега шахсга сиғинади?


Каримовнинг шахсига сиғинишда қўрқувдан бошқа ҳеч нарса йўқ, дейди ўзбекистонлик зиёлилар.
Каримовнинг шахсига сиғинишда қўрқувдан бошқа ҳеч нарса йўқ, дейди ўзбекистонлик зиёлилар.

Ислом Каримов тўғрисидаги Ўзбекистон мустақиллигининг 20 йиллиги арафасида намойиш қилинган икки серияли фильмдан сўнг яна бир янги фильм устида иш бошлангани тўғрисидаги “Ҳаракат” агентлиги хабарини Ўзбекистон ТВсидаги бир манба тасдиқлади.


Агентликка кўра, мазкур фильмни суратга олишга асосан “Ёшлар” телерадиоканали журналистлари жалб этилган.

Агентлик Ўзбекистон раҳбари тўғрисидаги навбатдаги фильмдан мақсадни тахмин қилар экан, уни навбатдаги президент сайлови билан боғлаган.

Лекин сайловга яна 3 йил бор.

Демак, гап бошқа нарсада.

Озодлик мухбирининг ўзбекистонлик икки олим билан бу ҳақда қилган суҳбати "Ўзбеклар нега шахсга сиғинади?" деган савол атрофида бўлди.


Адабиётшунос олим Бахтиёр Исабековнинг айтишича,

- Ҳозир Ўзбекистонда бирор соҳа йўқки, чорвачиликми, деҳқончиликми, тўқимачиликми, архитектурами ëки бўлмаса тарихми, фалсафами, бирор нарсада Каримовнинг номисиз ëки у киши бошлаб берган ишсиз ëки у киши айтган бирор-бир жумласиз ҳеч нарса йўқ. Ҳозир шу ҳолатга келди. Яъни марксизм, ленинизм классикларига сиғиниш қандай бўладиган бўлса, ҳозир Ўзбекистонда ҳамма соҳада худди шундай, дейди Бахтиëр Исабеков.

Жаноб Исабеков Америка очгани йўқ: шундай эканлигини ҳамма билади.

Ва шу ҳолатдан келиб чиқиб президент тўғрисидаги янги фильмни Каримов культини мустаҳкамлаш учун амалга оширилаётган яна бир тарғибот воситаси, деб қабул қилиш мумкин.

Бу янги восита шахсга сиғиниш ҳодисаси тўғрисида икки олимга бир-икки савол билан мурожаат қилишимизга баҳона бўлди.

Шахсга сиғинишнинг балки зарари йўқдир, деган иштибоҳ билан Бахтиёр Исабековдан сўрадик:

Озодлик: Балки шундай бўлиши керакдир? Балки жамият шунақа қурилиши керадир? Ҳар ҳолда давлат бошлиғи миллат рамзи сифатида, миллатни бирлаштирувчи куч сифатида ҳар доим биринчи планда бўлиши керакдир?

- Бундан нима наф бўлиши мумкин? Мен тушунмайман бундан нима наф? Жамиятга нима наф? Нима фойда беради? Фойда берадиган нарсаси шахсга сиғинаëтган кишининг обрўсини кўтариш дегани. Бу зўрлаб кўтаришга ўхшаган нарса бу. Энди бунақа зўрлаб кўтаришлардан мен билмайман ким ютади. Ҳеч билмаяпман шунақа бўлиши керак десангиз. Бу ақлга сиғадиган нарса эмас, дейди Бахтиëр Исабеков.

Айни саволни педагог олим Абдулла Абдураззоқ ўғлига ҳам бердик.

Озодлик: Президент ким бўлишидан қатъий назар миллат рамзи, давлат раҳбари. Ҳар қандай мамлакатда давлат раҳбари миллат рамзи сифатида миллатни консолидация қиладиган куч сифатида ҳурмати жойига қўйилиши керакдир милатни бирлаштириш учун?

- Ҳурмат бошқа, лаганбардорлик бошқа. Шу иккаласи ажратиб олинса, ўз ўзидан мавзу ечилади. Боя жуда тўғри айтиб ўтдингиз (Олим билан суҳбат чоғида Каримов культи Сталин ёки Ниёзов культи даражасига кўтарилган эмас, деган эдик). Ҳаттоки Назарбоевга мен айтган бўлардим шахсига сиғиниш Каримовнинг шахсига сиғинишдан юқорироқ деб. Сиз иккитасини жуда тўғри айтдингиз, учинчисини мен қўшаяпман. Сабабики улар яна нимадир берди. Шахсга сиғинишда ичига ҳурмат аралашган. Каримовнинг шахсига сиғинишда қўрқувдан бошқа ҳеч нарса йўқ. Қўрқув ва қўрқув бор. Шунинг учун олдида, бошқада эҳтиëт бўлишлиги мумкин, лекин тўртта одам холи қолса, уни бўралаб сўкишдан тойинмайди, аëллар қарғишдан тойинмайди, дейди Абдулла Абдураззоқ ўғли.

Албатта, Абдулла Абдураззоқ ўғлининг фикрини мутлақ ҳақиқат, деб қабул қилмоқчи ва шундай деб сизга тақдим этмоқчи эмасмиз.

Каримовни самимий ҳурмат қилувчилар ҳам бор ва агар шундай бўлмаса ҳайрон қолган бўлардик.

Лекин Ленин, Сталин, Хрушчев, Брежнев шахсларига сиғиниб, кейин ҳаммасидан кўнгли қолган бир халқнинг ёппасига навбатдаги шахсга сиғина бошлашини ҳам тушуниш қийин.

Балки гап миллат зеҳниятидадир?

Миллат зеҳниятида ҳам, дейди Абдулла Абдураззоқ ўғли.

- Каримовнинг бугунги аҳволга тушишига, бугунги аҳволга чиқишига демайман, тушишига, тубанликка тушиш, сиғинилган шахсга айланишнинг ўзи юзтубан кетиш, жаҳолат ботқоғига ботиш. Ана шу ишда Каримовнинг айби 50 фоиз бўлса, ўзбек халқининг айби ҳам 50 фоиздан кам эмас. Бизнинг урф-одатларимиз, қандайдир шахсга сиғинишга мойиллигимиз, “Зиëлиси хиëнаткор эл ожиз бўлар, бўлар маҳкум қул” деган нарсалар бир вақтлар ëзгандим, демоқчиманки, зиëлиларимизни мана шундай ҳолатни тозалашни ўйлаш керак. Зиëлиларнинг ўзида шундай хатолик. Халқнинг ичида бўлса, ҳаттоки мақолларимизда, маталларимизда бизнинг ички дунëйимиз акс этган. “Отангни ўлдирганга онангни бер”, “Э онангни деса отамсиз, э опангни деса поччамсиз, э синглингни деса куëвимсиз деб тур” деб ақл ўргатадиганлар борда ҳали ичимизда, дейди Абдулла Абдураззоқ.

Абдулла Абдураззоқ ўғлининг бу фикрларига бошқа олим – Бахтиёр Исабеков қўшилмайди.

- Бу ўзбек миллатига хос дейдиган бўлсак, бунга қарши далиллар кўпда. Жумладан ўша СССРда ўрисларда ҳам, украин, беларус, Болтиқ бўйи бўлган катта империяда шахсга сиғиниш бемалол вужудга келган эди. Буни ўзбеклар билан боғлаб бўлмайди. Шунинг учун у фақат ўзбекка хос дейиш унча тўғри келмаяпти, дейди Бахтиёр Исабеков.

Сиғинилган шахслар қанчалик кўкларга кўтарилган бўлса, вақти келиб шунчалик қулатилганига мисоллар кўп. Ленину Сталин, Гитлеру Муссолиниларни эсланг.

Брежневнинг китоблари пистафурушларда, Ниёзовнинг “Руҳнома”си носфурушларда ҳам тугаб битди.

Шуни билмайдиларми янгилари? Нима учун улар тарихдан сабоқ чиқармайди?

90-йилларда махсус мактубида Каримовни амалдан АҚШ президентларига ўхшаб ўз вақтида кетишга даъват қилган Абдулла Абдураззоқ ўғли саволимизга жавобан деди:

- Каримов жуда истади. Келажакда Рейган каби катта ҳурмат, катта эҳтиром билан истеъфога чиқадиган кунларга етишни жуда истади. Лекин ундаги нафс бир озгина баландлик қилди, дейди Абдулла Абдураззоқ ўғли.

Бахтиёр Исабековдан ҳам сўрадим:

Озодлик: Нима учун тарихдан сабоқ олишмайди?

- Мен ҳам шу саволни бермоқчи эдим. Масалан дейлик Брежневи ҳам, Хрушчеви ҳам, ундан олдингилари ҳам том-томлаб китоблар ëзди. Вафотидан кейин ўша пайтнинг ўзида ҳеч кимга керак бўлмай қолди. Шуни ҳозирги ҳукуматдагиларнинг жуда кўпчилиги кўрган. Лекин худди шу йўлдан кетишаяпти.

Озодлик: Нима учун?

- Мен сиздан сўрамоқчи эдим: нимага шунақа? Одамлар ўзига келганда гарангсиб қоладими, бошқа бўладими билмайман.

Озодлик: Билмайсиз-а нимага шунақалигини?

- Йўқ, йўқ, билмайман. Сиз айтаëтган савол менда ҳам бор. Кўриб туриб нимага шунақа қилишади?

Озодлик: Сиз тушунтириб берасизмикан деб сизга телефон қилган эдим. Сиз ҳам билмайсиз экан.

- Йўқ, билмайман буни. Бу ерда қанақа психология бор билмайман. Ўша ўтмишни унутиш бўладими, мен аниқ айтиб бера олмайман буни. Ëки бўлмаса у билан бўлган нарса мен билан бўлмайди деган нарса борми қанақадир ишонтирадиган. Билмайман мен, дейди Бахтиëр Исабеков.

Ҳа, адабиётшунос олим билмади саволимиз жавобини.

Аслида, Ўзбекистон президенти ҳақидаги янги фильм устида иш бошлангани тўғрисидаги хабар муносабати билан бугунги 4-5 дақиқали кичкина радиолавҳага қамалган улкан мавзу доирасида пайдо бўладиган саволларга жавоб топиб беришга бел боғлаган ҳам эмасмиз.

Мақсад – бу ёруғ дунёда шунақа саволлар ҳам борлигини ёдингизга солиб қўйиш эди, холос.

XS
SM
MD
LG