Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:29

Фарғона музейидан ўғирланган миллион долларлик асар тақдири билан Озодбек Назарбеков шуғулланмоқда


Фарғона музейидаги асарнинг асли ва қалбакиси
Фарғона музейидаги асарнинг асли ва қалбакиси

Фарғона ўлкашунослик музейидан ўғирланиб, Лондондаги МакДугаллс аукционига қўйилгани санъатшунослар тарафидан айтилган қимматбаҳо асар тақдири бўйича Ўзбекистон Маданият вазирлиги музейлар бошқармаси 21 февралда суриштирув бошлади.

Вазирлик матбуот котибига кўра¸ “бу асарни Ўзбекистонга қайтариш учун вазирнинг ўзи жиддий ҳаракат бошлаган”.

Вазирлик мулозими “музейлардаги асарларни қўриқлаш чоралари кучайтирилганини” ҳам билдирди.

Ўзбекистон халқ рассоми Александр Волков 1932 йилда яратган “Жўхоризор шовқини” асари Фарғона музейидан ўғирланиб, ўрнига нусхаси қўйилгани ҳақидаги мақолани ўқиган ҳуқуқ тартибот идораларидан бирининг ходими, исми айтилмаслиги шарти билан, баъзи тафсилотларни Озодликка 20 февраль куни айтиб берди.

Унинг иддаосига кўра¸ Фарғона музейидаги Волков асарининг оригинали ҳозир қамоқда жазо ўтаëтган Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи собиқ раҳбари Журъат Мелиқулов тарафидан 2009 йилда Ўзбекистон марҳум президентининг қизи Гулнора Каримовага совға қилинган.

Ўз навбатида Гулнора Каримова бу асарни 2009 йилнинг августида Ўзбекистонда меҳмон бўлган дунёга машҳур россиялик кутюрьега (исми Озодликка маълум) совға қилган.

Мулозим иддаосига кўра¸ “Жўхоризор шовқини” асари россиялик либос дизайнерига катта ва расмий тадбирда очиқчасига совға қилинган.

“Ўша тадбирда қатнашганлардан баъзилари ҳозир ҳам Ўзбекистонда катта лавозимларда ишлашади”, деди мулозим.

Исми айтилмаслигини сўраган мулозим ўз хулосалари 1-472/2014 рақамли жиноят ишига асосланганини айтди.

Озодлик мухбири 1-472/2014 рақамли жиноят ишига оид ҳужжатлар тўпламидан олинган кўчирмаларни нашр қилмаслик шарти билан кўздан кечирди.

Бир нечта томлик бу ҳужжатлардаги айбловлардан бири – Ўзбекистондаги турли музейлардан ўғирланган картиналар, асосан, Журъат Мелиқуловнинг қўлидан ўтгани суд назаридан четда қолганига Озодлик мухбири эътибор берди.

Бу ҳужжатларни Озодликка тақдим қилган мулозимнинг айтишича¸ суд асосан ўз эътиборини Фарғона нефтни қайта ишлаш заводидан ўзлаштирилган “астрономик суммадаги пулларга” қаратган ва “қандайдир картинанинг вилоят музейидан олиниб совға қилинишига” жиддий ходиса сифатида қаралмаган.

Журъат Мелиқулов 2012-2013 йиллар оралиғида Фарғона нефтни қайта ишлаш заводидан (ФНҚИЗ) 100 миллион АҚШ долларидан кўпроқ маблағни ўзлаштиришда айбдор деб топилиб, 2014 йилнинг 20 августида Тошкент шаҳри суди томонидан 15 йилга озодликдан маҳрум этилганди.

Суд хулосасига кўра, Журъат Мелиқулов ФНҚИЗда масъул вазифаларни бажарган беш киши билан бирга “жиноий тил бириктирган ва ўз вазифаларини суиистеъмол қилган ҳолда … ФНҚИЗ пул маблағларини тизимли тарзда ўмариш, пора олиш, Ўзбекистон иқтисодий манфаатларига зид равишда битимлар тузиш ва йирик миқдордаги солиқлардан бўйин товлаш билан шуғулланган”.

Озодлик билан суҳбатлашган ҳуқуқ-тартибот ходими Фарғона музейидаги “қиймати миллион долларлик” асарни “совға” қилган Мелиқулов ва бу “совғани” олиб бошқага “совға” қилган Гулнора Каримова шу кунларда Ўзбекистонда жазо ўтаëтгани ва бу борада улар “керакли идоралар” тарафидан қайта сўроқ қилиниши лозимлигини айтди.

“Маданият вазирлиги даъвогар сифатида прокуратурага мурожаат қилса¸ жиноят иши очилиб бу икки шахс қайта сўроқ қилинса, кўп нарса ойдинлашади” деди ҳуқуқ-тартибот органи ходими.

Озодлик Журъат Мелиқуловнинг Фарғона музейидан асар ўғирлагани ҳақда 2018 йил ноябрида мақола эълон қилган ўзбекистонлик журналист Рустам Аҳмедов билан ҳам гаплашди.

Аҳмедов ўз тасарруфидаги ҳужжатларни 2018 йилда Маданият вазири Бахтиëр Сайфуллаевга мактуб орқали жўнатгани, аммо бу мавзу эътиборсиз қолганини таъкидлади.

Рустам Аҳмедов иддаосига кўра¸ Журъат Мелиқулов “музейдан расм ўғирлашни” Ўзбекистон бадиий академиясидаги божаси кўмагида амалга оширган.

Бу иддаонинг расмий тасдиқ ëки инкори Озодликда йўқ.

Озодлик рассом Волковнинг Фарғона музейидан ўғирланган асари тақдиридан ҳабардор¸ асли тошкентлик, аммо шу кунда Россия ватандоши бўлган рассом ва санъат асарлари билан савдо қилувчи галерист билан жорий ҳафтада гаплашди.

Исми айтилишини истамаган ва шу кунда Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида яшаëтган 55 яшар галерист бу асарни Гулнорага совға қилинишидан олдин харидор сифатида кўздан кечирганини иддао қилди:

“Мен кўрдим бу асарни. Криминал ўтмиши бўлишидан шубҳаланиб асарни сотиб олишдан воз кечдим. Волков сермаҳсул рассом бўлган. Тошкентлик расм тужжорларида ҳалиям Волков асарлари бор. Мени ташвишлантирадиган нарса собиқ музей директорлари (суҳбатдош айтган исмларни айбсизлик презумпциясидан келиб чиқиб ошкор қилинмаяпти - таҳр.) Волков асарини сотаман деб юрганидир. Бу албатта шубҳа уйғотадиган ҳолат.

Фарғона вилоят Ўлкашунослик музейидан ўғирланиб Лондондаги МакДугаллс аукционига қўйилган асар борасида тадқиқот ўтказган Канададаги Alerte Héritage ташкилоти раҳбари, тарих ва меъморлик фанлари доктори Борис Чуховичлар Озодлик билан суҳбатда “жиноят занжирининг кўп халқалари ҳақида маълумотга ойдинлик киритиш билан Ўзбекистон мулозимлари шуғулланиши кераклигини” айтди.

Чуховичга кўра¸ Фарғона музейини “сирли тарк этган асарнинг бир муддат Москвада макон топгани” ҳақидаги иддаоларни Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари текшириши лозим.

Борис Чухович Озодликка Ўзбекистон халқ рассоми Александр Волков тарафидан 1932 йилда яратилган “Жўхоризор шовқини” асарининг Лондон аукционида қўйилган тасвирини Озодликка тақдим қилди.

Ўзбекистонлик мунаққид Абдумалик Турдиев эса шу кунларда Фарғона Ўлкашунослик музейида намойиш қилинаëтган “Жўхоризор шовқини” асари фотосини Озодликка тақдим қилди.

Озодлик бу иккала расмни ëнма-ëн қўйиб, ушбу мақолага илова сифатида қуйида эълон қилди.

Волков асарининг асли ва қалбакиси
Волков асарининг асли ва қалбакиси

Мунаққид Абдумалик Турдиев “жиддий тадқиқотсиз ҳам бу икки асардан қай бири қалбаки ва қайсиниси оригинал эканлигини билиш қийин эмас"лигини айтди.

Мунаққидга кўра¸ “расмнинг қалбакисини ўта нўноқ рассом амалга оширгани шундоқ кўриниб” турибди.

Турдиевга кўра¸ “расмни қалбакисига алмаштирганлар бир кун келиб бу иш жиддий тадқиқ қилинишини ўйлаб ҳам кўришмаган”.

Вазирлик “назоратга" олди

Мақолани ëзиш жараëнида Озодлик Мели Жўрақулов ва Гулнора Каримованинг расм ўғирлашга эхтимолий алоқаси ҳақидаги барча иддаоларни Ўзбекистон Маданият вазирлиги мулозимига маълум қилди.

Маданият вазирлиги мулозими “Бу ҳолатларнинг барчаси вазирлик тасарруфидаги музейлар ичида урчиган коррупция оқибати экани ва бунга барҳам бериш учун халқаро тажрибага таянган ҳолда янги вазир Озодбек Назарбеков жиддий ҳаракатга киришганини айтди.

Вазирлик мулозими шу билан бирга бошқа музейларда қайта инвентаризация бошланиши ва “алмаштириб қўйилган” санъат асарларини аниқлаб “айбдорлар жазоланиши ва бундай нохуш ҳолат такрорланмаслиги учун жиддий чоралар кўрилишини” ваъда қилди.

Ўғриликлар давом этмоқда

Ўзбекистонлик мунаққид Абдумалик Турдиевнинг 21 февраль куни Озодлика айтишича “бу масалани бутун музейлар тизими бўйича ҳал қилмагунча” масала ҳал бўлмайди:

“Бир миллион турадиган Волков ëки Тансиқбоев каби рассомлар асарлари музейнинг “омбор дафтари”га қўлëзма шаклида кирим қилиб ëзиб қўйилади. Бу матнда асар размери ва техникаси ҳақида маълумот бўлади. Максимум битта оқ-қора сурати ҳам ëпиштирилади. Расмнинг орқа тарафи¸ рентген ва кимëвий тахлил¸ сифатли рақамли сурат каби маълумотлар 99 фоиз ҳолатда йўқ. Бунга барҳам берилмагунча асарлар йўқолиши давом этаверади”.

Тошкентлик санъатшунос ва қадимий каштачилик бўйича мутахассис Элмира Гул ўзининг Facebook саҳифасида Ўзбекистон санъат музейи экспонати бўлган қадимий сўзана АҚШда савдога қўйилгани ҳақида таассуф билан ëзди.

“Бу каштани мен болам каби яхши билардим. Истасангиз, Ўзбекистон давлат музейида у илгари осилиб турган стендни кўрсатиб бераман. Бу каштани бошқаси билан адаштиришнинг иложи йўқ. Сиëҳранг фонли ва эпиграфика (исломий хат билан ëзилган суралар) тасвирланган бу сўзана тасвири жуда кўп альбом ва монографияларда келтирилган. Йиллар ўтиб бу асарни АҚШдаги сайтда савдога қўйилганини кўриб ажабландим. Бу америкалик сайт эгасини танийман. У айбдор ҳам эмас, чунки сўзанани легал тарзда очиқ савдода сотиб олган. Музейлардан бедарак йўқолган бундай кашталар сон-саноқсиз”, дея ташвиш билдирди мутахассис.

Музейдан ўғирлангани айтилган сўзана
Музейдан ўғирлангани айтилган сўзана

Озодлик мухбири бу кашта тасвирини Ўзбекистон маданият вазирлиги музейлар бошқармасига жўнатди. Улар “бу йўқолган кашта тақдири ҳам ўрганилаëтганини айтишди”

Урганч суратлар галереяси собиқ Бош мухофизи Ширин Тошеванинг Озодликка айтишича¸ музей хазинасидаги ҳайкалтарош Толиб Қосимов асари қалбакисига алмаштирилгани 2016 йилда ўтказилган текширув пайтида аниқланган.

2008 йилдан 2016 йилгача Урганч суратлар галереяси Бош мухофизи бўлиб ишлаган Тошеванинг айтишича “Галерея аҳволи ва экспонатлар сақланиши аянчли холатда қолмоқда”.

Урганч суратлар галереясида 2008 йилгача музей ходими бўлиб ишлаган яна бир санъатшуноснинг Озодликка 21 февраль куни исмини очиқламаслик шарти билан айтишича¸ музейдаги аксар асарларнинг зарҳал ромлари ечиб олиб сотиб юборилган.

Ўзбекистон Маданият вазирлиги музейлар бошқармаси ходимининг Озодликка айтишича¸ 2006 йилгача музей раҳбари бўлган Бекпўлат Боғибековнинг айби билан ҳайкалтарош Толиб Қосимов асари қалбакисига алмаштирилгани “акт” қилинган. Шунингдек, Боғибековга 1996 йилда “изнсиз равишда ҳайкалтарош Дамир Рўзибоевнинг “Муза” деган ҳайкалини галереядан ташқарига чиқаргани юзасидан расман огоҳлантириш берилган.

2015 йилнинг 28 августида Қорақалпоқ давлат санъат музейида мутахассислар текширув ўтказгани ва музейда 581 миллион 625 минг сўмлик 5 картина йўқлиги аниқлангани, бунинг ортидан Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати жиноят иши очгани хабар қилинган эди.

Мазкур ҳолат мутахассислар текшируви, жумладан, ультрабинафша нурларни қўллаш орқали анализ қилиш воситасида аниқланганди.

Мутахассислар музейда сақланаётган 85 минг экспонатдан 800 картинани текшириши натижасида 5 асарнинг музейда йўқлиги ошкор бўлган эди.

Бу картиналарнинг умумий қиймати бир неча миллион долларни ташкил қилиши айтилади.

Бундан ташқари, Ангрен галереясида Виктор Уфимцев қаламига мансуб кўплаб асарларнинг асл нусхалари йўқлиги маълум қилинган эди.

Ўзбекистон давлат санъат музейида эса 278 картинанинг асли эмас, нусхалари сақланаётгани аниқлангани ҳақида Озодлик ҳабар берган эди.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри Яккасарой туман суди Ўзбекистон давлат санъат музейи бош муҳофизи Мирфайз Усмоновни 9 йилу 3 ойга озодликдан маҳрум қилган эди.

Музей бош муҳофизи қамалишидан олдин Ўзбекистон давлат санъат музейи хазинасидан ўнга яқин картина ўғирланиб, ўрнига қалбаки нусхалари қўйилгани суд пайтида ўз исботини топган.

Озодлик танишган суд ҳужжатларида Бош муҳофиз Мирфайз Усмонов музейнинг бошқа ходими – реставратор Абдураҳмон Мурановга картиналарнинг қалбаки нусхасини чиздириб, оригинал нусхани сотиб юборгани акс этган эди.

Шу тариқа Александр Николаевнинг “Боланинг сурати”, “Мева кўтарган қиз”, Оганес Татевосьяннинг “Чойхона”, “Бухоро”, “Денгиз”, Николай Караханнинг “Ҳовуз бўйидаги қиз”, Рихард-Карл Зоммернинг “Тоғ дарёсидаги кўприк”, “Кабобхона” картиналари пулланган.

Расмий ҳужжатларда Оганес Татевосьяннинг “Бухоро” (Ургут йўли), “Балиқ овида” ва Николай Караханнинг “Чойхона”, шунингдек, Зоммернинг “Ҳовуз бўйидаги қиз”, “Кабобхона” ва “Тоғ дарёсидаги кўприк”, Александр Николаевнинг “Мева кўтарган қиз” ва бошқа асарлари алмаштириб қўйилгани айтилади.

XS
SM
MD
LG